Шерзод Насруллаев иккинчи финалчи ким бўлишини тахмин қилди (интервью)

Ҳозиргина ўз якунига етган Ўзбекистон кубогининг биринчи ярим финалида “аждарлар” ғолиб чиқди. Ўйиндан сўнг, “аждарлар” етакчиларидан бири – Шерзод Насруллаевни суҳбатга тортдик.

“Насаф” гол ўтказиб юборганидан сўнг, бу қадар тез ўзига келишига асосий сабаб нима?

Ўзи ўйини яхши бошладик. Вазиятлар яратдик. Имкон қадар биринчи рақамда тўп суришга уриндик. Шундай бўлсада, биринчи бўлиб рақиб гол урди. Биргина ҳужум ва тўп ўтказиб юбордик. Тўғриси, ўша вазиятда “уйғониб” кетдик. Барчамиз, тайм охирига қадар икки баробар куч билан “ишладик”. Якунда, гол уриб мувозанатни тикладик. Ғалаба қозонишимиз шарт эди! Чемпион бўлиш мақсади қўйилган олдимизга. Унинг учун исталган рақиб билан “жанг” қилишга тайёрмиз.

АГМК бугун мавсумдаги энг зўр ўйинларидан бирини намойиш этди, бироқ якунда “Насаф” омадсиз бошланган ўйинни ғалаба билан якунлади. Бунинг сири нимада?

-  Тан олиш лозим, рақиб яхши ўйин кўрсатди. Биз ҳам бўш келмадик. Менимча, мураббийимизнинг берган кўрсатмаларини тўғри бажарганимиз финал йўлланмасини олиб берди деб ўйлайман. Бу футбол. Унда ким буюрилган вазифани тўлиқ бажарса, ўшанинг жамоаси ғалаба қозонади.

34ogk34ogk3

Финалда қайси жамоа билан тўқнаш келишни тахмин қиляпсиз? “Навбаҳор” – “Суғдиёна” ўйинида ким фаворит?

- Тўғриси, “Навбаҳор” билан Бухорода тўқнаш келсак керак деб ўйлаяпман. Ҳозир уларда жамоавий ўйин кучли. Шу боис, “Суғдиёна”га қарши баҳсда “лочинлар” иккинчи финалчига айланишини тахмин қиляпман.

 Эшитишимизга қараганда, сизга бир нечта хориж жамоаларидан таклифлар бор. Бу Ўзбекистондаги сўнгги мавсумингиз бўлиши мумкинлиги ростми?

-  Очиғи, бу ҳақида ҳозир ўйламоқчи эмасман. Бизда бир йўла иккита катта турнирда ғалаба қозониш имконияти бор. Ҳали “Насаф”даги ўз мақсадларимга етишганим йўқ. Жамоам билан суперлига ва Ўзбекистон кубогида зафар қучишни истайман. Бу ишни уддалаганимдан сўнг, хориж ҳақида бош қотирса бўлади. Вариантлар бор. Яширмайман, аммо ҳозир режамда ундан каттароқ нарсалар бор.

“Насаф” суперлига учун кубокдан кўпроқ ҳаракат қилиши мумкинми? Қай бири ҳозир муҳимроқ?

- Иккиси ҳам бирдек. Уларни бир-биридан ажратмаган бўлар эдим. Жамоамиз билан ғалаба қозониш учун қўлдан келган барча ишни қилишга тайёрмиз. Керак бўлса, майдонда “қон тўкамиз”. Ортга чекиниш йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!