Шомуродов нега гол уролмаяпти?

“Ростов”нинг асосий ҳужумчиси Элдор Шомуродов ярим йилдан буён гол ура олмаяпти. Унинг голсиз серияси 20 та учрашувдан ўтиб кетди. Россия премьер-лигасининг 7-турида “Ростов” ҳужумчиси “Локомотив” дарвозасига ҳам йўл топа олмади.

Элдорнинг “қуруқ” серияси мутахассислар таҳлиллари ва журналистлар саволларига нишон бўлмоқда. “Локомотив”га қарши учрашувдан кейин бу мавзу яна кўтарилди. Бироқ, “Ростов” бош мураббийи Валерий Карпин “Локомотив” билан бўлган ўйиндан кейин жамоаси кам гол  ураётгани, хусусан Шомуродов тўпурарлик маҳоратини намойиш эта олмаётганидан хавотирда эмаслигини билдирди.

21356

- Мен ҳеч қачон шогирдларимдан ҳеч бирини ажратиб кўрсатмайман. Уларга умуман эътирозим йўқ. Шомуродовнинг гол ура олмаётгани унга ёмон таъсир қилмайди. Ҳозир яна ҳужумчи олишни сўраяпсизлар. Янгисини олсак, у ҳам гол уролмаса, яна бошқасини сўрайсизлар-ку. Ҳамма гап, вазиятлардан унумли фойдаланишда. Мени шогирдларим кам гол ураётгани хавотирга солмайди. Агар голли вазиятлар ярата олмаганимизда эди, бу ҳақиқий муаммо бўларди. Ҳозирча, фақат “Динамо”га билан ўйинда шундай бўлди.

“Локомотив” қарши учрашувда кўп қулай вазиятларни ярата олдик. Лекин Европа Чемпионлар лигасида ўйнайдиган жамоа 10 киши бўлиб ҳимояланди. Албатта, бундан вазиятда гол уриш муаммо эканини ҳамма яхши тушунади, - деди Валерий Карпин.

Ўз навбатида, учрашувни таҳлил қилган  Sportbox.ru сайти эксперти Алексанр Бубнов Шомуродовнинг гол ура олмаётгани сабабларини ҳам келтириб ўтди.

- Ҳар икки жамоада ҳам ҳужум ташкил қилишда катта муаммолар борлиги кўзга ташланмоқда. “Ростов”да бу майдон маркази футболчилари билан боғлиқ масала. Ўзингиз баҳо беринг – Роман Еременко спорт формасини йўқотиб қўйгани шундоқ кўриниб турибди. Бежизга уни захирага олишмади. Павел Мамаев ҳам ўйинга захирадан қўшилди. Доимий етакчи Ивелин Попов клубни тарк этган. Ҳозирча, фақатгина Матиас Норманн ўз вазифасини бажаришга тайёр. Лекин унинг бир ўзи камлик қилади. Шунинг учун ҳам Элдор Шомуродов гол ура олмаяпти. Ҳужумчининг гол уриши кўпроқ, ярим ҳимоя вакилларининг қулай узатмаси ва улар яратиб бераётган вазиятга боғлиқ бўлади, - деди футбол эксперти Александр Бубнов.

1597521033_efewtrjwsaqksdu

Бундан аввал эса, яна бир мутахассис Константин Алексеев ҳам Элдорнинг гол уриш имкониятларини қуйидагича таҳлил қилган эди.

- “Ростов” учун энг муҳими, Роман Еременко ва Павел Мамаевнинг аввалги даражасига кўтарила олишидир. Агар улар ўз спорт формасини тиклаб олса, Элдор Шомуродовни қулай паслар билан голли вазиятларга чиқаради ва  ўзбекистонлик ҳужумчи албатта гол уришни бошлайди, - деган хулосага келди Константин Алексеев.

Мутахассислар Элдор Шомуродов ўйин давомида ўз жамоасига яккакурашларда, ҳимояланишда ва ҳужум ташкил қилишда фаоллиги билан ёрдам бераётганини, агар у битта гол уриб олса, “иштаҳаси” очилиб кетишини алоҳида таъкидламоқда. Демак, шундай пайт келишини яна кутамиз. Балки интиқлик билан кутилаётган ана шу гол 19 сентябрь куни 8-турда  премьер-лига дебютанти “Ротор” дарвозасига киритилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!