Собиқ "спартак"чининг соғинчи...

Ўтган ҳафтада “Пахтакор” клуби Москвада “Спартак”ка қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб йирик ҳисобда мағлубиятга учраб қайтганидан яхши хабардорсиз. Бу ўйиннинг тарихий мақомга эга эканлиги борасида ҳам ОАВ орқали етарлича ёзилди. Шунингдек, биз ушбу ўйин атрофидаги яна бир ҳолатга эътиборингизга қаратмоқчимиз. Мазкур баҳс “Пахтакор”дан ташқари клуб спорт директори вазифасида ишлаб келаётган Жаъфар Ирисметов учун ҳам алоҳида аҳамият касб этарди. Боиси, у футболчилик фаолияти давомида Москванинг “Спартак” клубида машҳур мураббий Олег Романцев қўл остида тўп сурганини айниқса ёши улуғ ишқибозлар яхши эслашади. 2001 йили Москвадаги “Ҳамдўстлик Кубоги”да ўзини кўрсатганидан кейин “спартак”чилар ҳамюртимиз билан шартнома имзолашганди. Қолаверса, Ирисметов “Спартак” билан Европа Чемпионлар лигасида “Бавария”, “Арсенал”, “Лион” каби клубларга қарши тўп сурганини ҳам ҳали унутганимиз йўқ. Орадан йиллар ўтиб, Ирисметов яна ўзининг қадрдон ва собиқ клуби бўлмиш “Спартак”ка қайтгани ўзи учун ҳам ёқимли ҳиссиётларни жунбушга келтирган бўлса ажаб эмас.

“Биз учун тарихий ўйин бўлди”

“Пахтакор”нинг “Спартак”ка қарши учрашуви биз учун жуда қизиқ туюлди. Қолаверса, юқорида айтиб ўтганимиздек, Ирисметов учун ҳам ўзгача аҳамиятга эга эди. Собиқ “спартак”чи ҳам ушбу ўйинни тарихий бўлганини айтиб шундай деди:

- Албатта, “Спартак”ка қарши ўйин биз учун тарихий учрашув бўлди. Ушбу баҳснинг фойдали тарафлари кўп эди. Айниқса, “Пахтакор” учун бундай рақибга қарши ўйин ҳақиқий синов бўлди деб ўйлайман. Энди ўзимга келадиган бўлсак, гапнинг очиғи Москвага кетаётганимизда худди биринчи марта “Спартак”ка кетаётган чоғимдаги ҳис-туйғуларни сездим. Буни оддий сўзлар билан таърифлаб бериш қийин. Умуман олганда, “Спартак” – “Пахтакор” иштирокида жуда яхши ва қизиқарли учрашув бўлди. Биз эса бундай юқори савиядаги рақиб олдида ўзимизни текшириб кўрдик.

ирисметов10

“Спартак”нинг шонли тарихидан жой олганимни кўриб хурсанд бўлдим”

Жаъфар Турсунбоевичнинг у ерда кўрган-кечирганлари ҳам ажойиб бўлди дейиш мумкин. Айниқса, “Откритие арена” стадионида “Спартак” клубининг музейига саёҳат ҳам Ирисметовда катта таассурот қолдирди. Буни қуйидаги сўзлар орқали билиб олишингиз мумкин.

- Биз ўйнаган пайтда “Лужники” стадионида тўп сурардик. “Спартак”нинг янги “Откритие арена” стадиони эса барчамизни лол қолдирди. Бу арена жуда чиройли ва ҳар томонлама ҳам қулай экан. Айниқса, ҳозирги замонавий талабларга ниҳоятда жавоб беради. Яна бир қойил қолган жиҳатим шунда бўлдики, стадион ичида алоҳида музейни ташкил қилишган. Ўйлашимча, ҳозирги пайтдаги энг замонавий музейлардан бири деб ҳисоблайман. У ердаги барчаси электронлаштирилган ҳолда қилинган. Энг қувонарлиси, ўша музей ичида мени ҳам шонли “Спартак”нинг тарихидан жой олганимни кўриб жуда хурсанд бўлди. Музейдан ўзим ҳақимдаги маълумотлар жой олган расмни кўрсатишди ва буни барча жуда илиқ қарши олишди. Албатта, у ерга борганимда мени кўпчилиги яхши таниди ҳам. Музейда кўрганларим ўзимда жуда катта таассурот қолдирди. Ўйлайманки, “Пахтакор” ҳам янги стадион қурганида мана шундай замонавий музейни ташкил қилиш борасида ўрнак олса бўлади.

ирисметов7

“Мен ўйнаган “Спартак” билан ҳозиргиси тубдан фарқ қилади”

Умуман айтганда, Жаъфар “Спартак”да тўп сурган кезларида бу клубнинг ўйин услуби ўзгача эди. Яъни, “спартак”ча услуб анча машҳур бўлиб кетганди. Аммо энди орадан анча йиллар ўтди. Ўз навбатида Ирисметов олдинги “Спартак” билан бугунги “Спартак”ни солиштирар экан, шундай фикр билдирди:

- Биз ўйнаган пайтда ҳақиқий “спартак”ча услуб деган тушунча бўларди ва биз шу йўналишда ўйнардик. Адашмасам, ўша пайтларда “спартак”ча услубнинг охирги даврлари эди. Ҳозирги “Спартак” эса тубдан бошқача. Менинг қарашларим бўйича улар бугунги кунда кўпроқ жисмоний кучга таянган ҳолда футбол ўйнашмоқда. “Спартак”ча услубдан эса ҳеч нима қолмаган. Фақат номи бор. Умуман олганда эса ўзгаришлар катта. Олдинги ўйинлар эса йўқ.

ирисметов2_1

“Ўйин давомида камчиликларимиз яққол кўринди”

Шу ўринда мутахассис “Пахтакор”нинг “Спартак”ка қарши кўрсатган ўйини ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, кўзга кўриниб қолган камчиликлар ва йирик ҳисобдаги мағлубиятни қуйидагича изоҳлади:

- Энди ўйинга тўхталадиган бўлсак, ушбу учрашувда иштирок этганимиз жуда яхши бўлди. Бу билан биз ўз куч ва имкониятларимизни текшириб олдик. Аслида эса 4:0 ҳисоби бўлмаслиги керак эди, ҳолбуки ҳисоб янада йириклашиб кетиши ҳам мумкин эди. Ўйлашимча, таркибимизда айрим футболчиларимизнинг йўқлиги ҳам таъсир кўрсатди. “Пахтакор” билан “Спартак”нинг фарқи шундаки, биз тўп билан яхши муомала қиладиган бўлсак, улар кўпроқ жисмоний кучга таяниб ўйнашди. Биз эса айнан шу жиҳат бўйича уларга ютқаздик деб ҳисоблайман. Бир томондан ҳам ушбу ўйин биз учун жуда зарур эди. Яъни, қайси йўналиш бўйича кўпроқ ишлашимиз кераклигини кўрсатиб берди. Учрашув орқали ўзимизнинг камчиликларимиз яққол кўрсатилди. Тўғриси, анчадан бери “Пахтакор” бундай ҳисобда ютқазмаганди. Энди кўзга кўринган камчиликларимиз устида жиддийроқ ишлаймиз.

ирисметов8

“Собиқ жамоадошларим билан учраша олмадим”

Шунингдек, у ерда собиқ жамоадошлари билан ҳам учрашдими? Кимлар билан мулоқотда бўлди? Умуман, ўша даврдаги собиқ жамоадошларидан кимлар билан ҳалигача алоқани сақлаб қолган? Бу борада ҳам Ирисметов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Тўғри, ўша пайтда “Спартак”нинг таркиби жуда кучли эди. Ҳозирги кунга келиб ўша пайтдаги мураббийлар билан алоқам қолмаган. Аммо у ерга борганимда илгари бирга тўп сурган собиқ футболчилар билан учраша олмадим ва бунинг ўзига яраша сабаби бор. Ўша куни собиқ “спартак”чилар қандайдир мини-футбол турнирида иштирок этишаётган экан. Шунинг учун эски қадрдонлар келишгани йўқ. Афсуски, уларни кўриш насиб қилмади. Аммо бирга тўп сурган футболчилардан Кахабер Мжаванадзе билан ҳалигача гаплашиб тураман. Қолган ўйинчилар билан эса алоқам йўқ.

ирисметов6_1

“Спартак” билан ўйин Арвеладзенинг туғилган кунига тўғри келгани тасодиф”

Эътборлиси шундаки, “Пахтакор”нинг “Спартак” жамоасига қарши учрашуви 22 февралда ўтказилди ва ушбу сана “Шерлар”нинг бош мураббийи Шота Арвеладзенинг туғилган куни эди. Қизиқ, ушбу ўйин атайин Арвеладзенинг туғилган кунига мослаб белгиландими ё барчаси тасодифмиди?

- Гапнинг очиғини айтсам, бу ўйиннинг Шота Арвелдазенинг туғилган кунига тўғри келиб қолгани тасодиф бўлса керак. Албатта, ўйиндан кейин бош мураббийимизнинг кайфияти яхши эмасди. Чунки ўйин биз учун ижобий натижа билан тугамаганди. Нима бўлганда ҳам ушбу учрашувнинг туғилган кун билан боғлиқ жойи йўқ. Арвеладзе ҳозирда олдимизда турган ўйинлар ҳақида бош қотиряпти деб ўйлайман.

ирисметов5

“Спартак”ни ҳам Тошкентга таклиф қилдик”

Шунингдек, аслида ушбу учрашувнинг ўтказилиши қандай юз бергани, бу борадаги ташаббус дастлаб кимдан чиққани ҳам мухлисларга қизиқ бўлса керак. Жаъфар Ирисметов эса собиқ клубига қарши учрашувнинг қай тариқа уюштирилгани ҳақида ҳам гапириб ўтди.

- Мазкур учрашувни ўтказиш учун “Спартак” клуби бизга таклиф билан чиқди. Биз эса “Откритие арена”да ўйнашга розилик бердик. Чунки бундай таклиф доим ҳам бўлавермасди ва уларнинг раъйини қайтариш ҳам қийин эди. Кейинчалик ҳам “Спартак” ва “Пахтакор” ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантирамиз деб умид қиламан. Шу муносабат билан биз “Спартак”ка энди Тошкентда ўйин ўтказиш таклифини билдирдик. Насиб қилса, “Спартак”ни ҳам Тошкентга олиб келишга ҳаракат қиламиз. Бу худди руслар таъбири билан айтганда “матч-реванш” бўлади.

ирисметов4

“Балки ҳисоб янада йирик бўлиши ҳам мумкин эди”

“Пахтакор” аллақачон Ўзбекистон чемпионатидаги жамоалардан бир неча борабарга кучайиб кетганини ва эндиликда унинг даражаси Осиё Чемпионлар лигасида эканини кўпчилик таъкидлаб келмоқда. Лекин “Спартак” билан кечган ўртоқлик учрашуви Ўзбекистоннинг энг кучли клубининг камчиликларини кўрсатиб берди.

- Тўғри, “Пахтакор”нинг Осиёда ўзига яраша мавқеи бор. Европаликлар қайси жиҳатлари билан устун? Ўзаро ўйинда ҳам кўрдикки, улар тезкор ҳаракат қилишяпти ва футболчилари ҳам жисмоний томондан бақувват. Биз эса мана шундай жиҳатларни ўзимизда ҳам тўлдиришимиз керак. Боя айтганимдек, таркибимиз ўша куни тўлиқ кўринишда эмасди, балки шунинг учун ҳам ҳисоб йириклашиб кетгандир. Аслида эса “Спартак”ка қарши ёмон ўйнамадик деб ҳисоблайман. Шунчаки, ўз хатоларимиз эвазига голлар ўтказиб юбордик, - дея фикр билдирди, Ирисметов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!