Соққани бос, соққани!

Биласиз, айни вақтда кўплаб топ футболчилар Саудия Арабистони чемпионати сари йўл олмоқда. Роналду ва унинг ортидан Бензема, Канте, Кулибали, Невеш ва ҳоказо... Трансфер ойнаси ёпилгунга қадар ҳали уларнинг сафи ортиши кутиляпти.

Деярли ҳар куни қайсидир катта ном Саудияга йўл олиши хақида хабарлар пайдо бўляпти ва жараён кутилганидан анча тез тус олиб, топ футболчилар араб диёри сари отланмоқда.

Улар учун "шок тайм", ҳозир. Сабаби, улар катта маош ва карьера масаласида иккиланишлар гирдобида қолиб кетган. Бензема, Роналду ва шу каби ёши бир жойга бориб қолган юлдузлар учун Саудия яхши вариант. Улар Европада қиладиганини қилиб бўлган. Энди "соққа"ни қилса ҳам бўлади. Бироқ ҳали анча ёш ҳамда амбицияларга эга бўлган бошқа бир тоифа юлдузлар катта пуллар олдида ўзини йўқотиб қўяётгани ҳам рост.

Саудия Арабистони проекти Хитойникидан фарқли анча каттароқ масштабда юлдузларни ўз бағрига чорламоқда. Бироқ якун Хитойда бўлган воқеадан фарқ қилмаса керак, наздимда. Бу шунчаки 4-5 йиллик эйфория. Сабаби, футбол географиясида марказ барибир Европа. Саудия чемпионати балки қизиқишларга сабаб бўлар, аммо бу қизиқишлар ҳам у ерга бораётган айрим сўниб қолган юлдузлар каби бора-бора сўнади.

Роналду "Ан-Наср"га энди ўтган пайтда бутун футбол жамоатчилигининг фокуси айнан шу воқеликка қаратилганди. "Ан-Наср" ўйинларини кўпчилик қизиқиш билан томоша қилди. Бора-бора унинг голларини ўзини кўриш билан кифояланадиган бўлиб қолдик. Яна 100 талаб юлдузни олиб келса ҳам, бу чемпионат ҳатто Лига 1 даражасига хам чиқа олмайди.

benzemaa

Унда шунча трансфер, шунча маблағ нимага сарфланяпти? Балки улар чиндан ҳам футболда революция қилишни исташаётгандир ва эътиборни оз қисмини бўлса ҳам Европадан тортиб олишга ҳаракат қилмоқчидир. Балки шунчаки пул кўплигидан шайҳлар юлдузларни эрмакка ўз юртида ўйнатиш ниятидадир. Биринчи жараён жуда ҳам қийинлигини сезиб турибсиз. Иккинчиси гипотеза, аммо хақиқатга яқинроқ.



                                                                                                                                          Худайқулов КАРИМ мақоласи

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!