Суперлигада олтин васвасаси!

Бугун бўлиб ўтган 25-тур ўйинлари бизга кўплаб эмоцияларни тақдим этди. Айрим жамоалар элитада қолиш масаласини ҳал қилган бўлса, бошқалари пастга тушиб кетишга яқинлашди. Олтин медаллар учун кураш эса, бундан мустасно. Унда вазият ҳали-ҳамон кескинлигича қолмоқда. Ҳаммаси сўнгги турда ҳал бўлади. Хўш, чемпионлик учун курашаётган учлик бу турни қандай ўтказди?  

“Насаф” бугун эмас, анча аввал ютқазганди!

g3k44o3kgo3kg

Рўзиқул Бердиев шогирдлари жорий мавсумда 3 очко олиши керак бўлган беллашувларнинг нақ 8 тасида очко йўқотди. Айнан шу омиллар якунда ҳал қилувчи ролни ижро этиб берди.

2-тур 18:30/09.03.2022 "Насаф" 1:1 "Металлург"

3-тур 20:00/26.06.2022 АГМК 2:2 "Насаф"

12-тур 20:00/22.06.2022 "Нефтчи" 1:1 "Насаф"

13-тур 20:00/30.06.2022 "Насаф" 2:2 "Олимпик"

17-тур 19:00/29.08.2022 "Насаф" 0:0 "Локомотив"

16-тур 20:00/17.08.2022 "Насаф" 0:0 АГМК

21-тур 19:00/09.10.2022 "Насаф" 1:1 "Сўғдиёна"

23-тур 18:30/25.10.2022 "Насаф" 1:1 "Бунёдкор".

Мана шу баҳслардаги бой берилган очколарнинг ўрнини тўлдириш учун ҳам бугун “аждарлар” икки эмас, беш ҳисса кўпроқ меҳнат қилишига тўғри келди. Улар тезроқ, чаққонроқ, фаолроқ бўлишга баҳс бошланмасидан олдин мажбур эди. Шундай ҳам бўлди, аммо…

“Нефтчи” бугун жуда зўр ўйнаб юборгандек туюлди. Уларга “Навбаҳор” ёки “Пахтакор” мукофот пули ваъда қилганмикан?! Балки шундай ҳам бўлгандир, аммо бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. “Насаф” фақат икки тур қолгандагина омадсизликка учрагани йўқ. Бугун бундан аввал бой берилган очколарнинг уволи тутди, холос. 2 соат аввал чемпионлик чўнтагида бўлган жамоа ҳозир турнир жадвалининг 3-поғонасига тушиб кетди. Буни ишқибозлар ҳазм қилиши қийин. Уларга осон эмас. Қашқадарё аҳли учун “Насаф” клубдан-да каттароқ нарсага айланганига 30 йилдан ошди.

Афсуски, баъзида футболда шундай ҳолатлар ҳам бўлади. Тўп дарвозага киришни истамайдиган кунлар ҳам бўлади. Шунга қарамай, қўлни тушириб юборишга ҳали эрта. Олдинда ҳал қилувчи сўнгги тур бор.

"Пахтакор” охиригача таъқиб қилди

Cheran

Мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Насаф”га ўз уйида мағлуб бўлгач, бир муддат депрессияга тушиб қолди. “Сурхон” билан ўйинда бой берилган 2 очконинг асл сабаби ҳам шу. Эътиборлиси, Максим Шацких шогирдлари қақшатқич мағлубиятдан сўнг ўзига келди ва кетма-кет 4 ўйинда (бу ўйинда киритилган голлар фарқи 15-2) зафар қучди. Тўғри, улар бу ғалабалар орқали 1-поғонага кўтарилгани йўқ, аммо етакчини ортдан таъқиб қилишни тўхтатгани йўқ. Черан ўзига келди ва хет-трикни покерга улаб юборди. “Пахтакор” ўз вақтини сабр билан кутгани ва кераксиз вазиятда очко бой бермагани учун ҳам бугун турнир жадвалида биринчи поғонага кўтарилди.

Ими-жимида бронзани кумушга айлантираётган “Навбаҳор”

3о4п34шоп

Самвел Бабаян бошчилигидаги “Навбаҳор” ҳам яхшигина руҳий босимни енгиб ўтишга мажбур бўлди. Кубок финалидаги “аждарлар”дан қабул қилиб олинган аламли мағлубиятдан сўнг “Локомотив” билан тўқнашувда бу яққол кўзга ташланди. Сал қолса, “лочинлар” Тошкентдан мағлубият билан ҳам ортга қайтиши мумкин эди. Оғир вазиятдан чиқиб кетган “Навбаҳор” бугун “Металлург” устидан ғалаба қозониб, турнир жадвалида иккинчи поғонага кўтарилди. "Насаф"нинг мағлубияти ҳам улар учун айни муддао бўлди. Бундай темпда ўтаётган чемпионатда кумуш медаль зўр натижа. Шу билан биргаликда, “Навбаҳор” якуний турда олтин медалларни қўлга киритиш учун асосий даъвогарга айланди. Яъни, агар “Пахтакор” очко йўқотса, “Навбаҳор”нинг ғалабаси якунда олтин медалларни “лочинлар”га тақдим этиши мумкин. Ўз уйида енгилган “Насаф”дан фарқли ўлароқ, “Навбаҳор” АГМК билан баҳсда яхшироқ руҳий холатда бўлади. Энди Бабаян шогирдлари Наманганда ғалаба қозониш орқали минимум бронзани кумуш медалга айлантиришни уддалаш мумкин.

Сўнгги турда нима кутсак бўлади?

Чемпионат якунлангани йўқ. Турнир жадвалидаги катта ўзгаришларга сабаб бўлаётган “Бунёдкор” “Пахтакор” билан тўқнашувда “жангсиз” таслим бўлмаслиги турган гап. “Насаф”ни АГМКдан "шапалоқ" қабул қилган “Олимпик” қабул қилади. 4-поғонани ҳал қилган Қосимов шогирдлари Наманганда шоу уюштириб бериши аниқ. Шундай экан, ҳали ҳаммаси тугади, дейишга эрта. Бу чемпионат бизга шунча интрига бердими, демак уни охирида ҳам тайёрлаб қўйган совғаси йўқ, деб ҳеч ким кафолат бермайди. Воқеалар ривожини SPORTS.uz'да кузатишда давом этинг!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!