"Сурхон"га бегонадек...

Суперлига баҳсларини кузатиб бораётганингизга ишонамиз. Бу йилгиси янада ўзгача, томошабоп ва кутилмаган натижалар остида кечаётгани рост. Турнир жадвалига қарасангиз, 4 та клуб 20 очко билан пешқадамлар сафида. Бунақасини олдин учратмаганмиз-а? Интрига юқорилиги боис энди ким қандай натижа кўрсатишини дадил айтиш қийин. Бу эса мухлислар учун янада қизиқ ва ҳаяжонли бўлади.

Чемпионатнинг 11-тур ўйинлари ўтказилаётганидан хабардорсиз. Лекин бу сафар тўртта ўйин режага киритилган. Олдин хабар берганимиздек, “Динамо” – “Насаф”, “Сўғдиёна” – “Пахтакор” ҳамда “Металлург” – “Олимпик” баҳслари бошқа муддатларга қолдирилган. 27 майда бошланган тур ўйинлари 29 майда “Сурхон” – “Бунёдкор” ўйини орқали якунига етади. Биз эса бу сафар турнинг охирги учрашувига эътиборимизни қаратамиз.

Табиийки, якшанба куни фақат “Сурхон” – “Бунёдкор” беллашуви ўтказилиши боис ҳамма шу учрашувни кузатади. Демак, бошқаларнинг диққатини ўзига тортади, деб ўйлаймиз. Бу ўйинга ушбу клублар қайси ўринларда етиб келишди? Бошпанасиз қолган, ўз уйи бўлмаса-да, расмий мезбон мақомидаги “Сурхон” бор-йўғи 6 очко тўплади ва шунга яраша охирги ўринда, “Бунёдкор” эса 12 очко билан 8-поғонада боряпти.

лопес_4

Испаниялик Анхел Лопес бош мураббийлик қилаётган “Сурхон” ортда қолган 10 та учрашувнинг фақат 1 тасида ғалаба қозонди холос. 7-турда “Қўқон-1912”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Термиз жамоасида яна 3 та дуранг ва 5 та мағлубият бор. Қизиғи, “Сурхон” 7 та гол уриб, икки баробар кўп – 14 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Лопес жамоа ўйинига ўзининг фалсафасини ва услубини сингдиришга уриниб келяпти. Лекин ҳали натижа берадиган даражада эмас. Устига-устак, “Сурхон”га мухлислар далдаси ҳам етишмаяпти. Термиздаги стадион ҳали тайёр эмаслиги боис клуб уй ўйинларини Самарқанддаги “Динамо” ва Тошкентнинг “Локомотив” ўйингоҳларидан фойдаланиб турибди. Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради ёки мухлислар 12-ўйинчи деган тушунчалар бор ва буни айниқса, мезбон жамоа вакиллари яхши ҳис қилишади. Бироқ бу иборалар ҳозирда “Сурхон”га бегонадек. Уларга етишмаётган жиҳат ҳам айнан Термизда минглаб ишқибозлари қаршисида ўйнай олмаётгани билан боғлиқ. “Сурхон” футболчилари ўз мухлисларининг қўллаб-қувватлашига жуда ҳам муҳтож, аммо ҳозир бунинг иложи йўқ. Балки бу жиҳатнинг натижаларга ҳам таъсири жиддий сезилаётгандир. Хуллас, “Сурхон” номига мезбон, барча ўйинларини сафарда ўйнаб келяпти. Жамоа тезроқ ўзининг ҳақиқий майдонига қайтишини қанчалик хоҳлаётганини футболчилардан сўраган яхшироқ, буни улар жуда ва жуда хоҳлашяпти, лекин...

буник_5

“Бунёдкор”нинг натижалари “Сурхон”никичилик салбий бўлмаса-да, аммо бош мураббий ўзгартирилганини яхши биласиз. 8-турдан кейин Шуҳрат Мақсудов истеъфога чиқарилди. Ўшанда унинг жамоаси ўз уйида “Металлург” билан дуранг ўйнаганди. Виктор Карпенко эса Мақсудовдан бўшаб қолган лавозимни эгаллади. Ҳозирча бир дуранг ва бир мағлубият. Ўтган турда “Насаф”ни қабул қилди, бироқ “Бунёдкор” ўз уйида худди сафарда ўйнагандек бўлди ва натижа ҳам шунга мос кўринди – 1:4. Карпенко янги бош мураббий сифатида ўзини кўрсатиши ва ижобий натижалар қайд этишга жуда чанқоқ бўлиб турибди. Раҳбариятни клубнинг ҳозирги натижалари қониқтирмаётгани турган гап.

“Сурхон” учун “Бунёдкор” ноқулай рақиб. Ўзбекистон чемпионатида ушбу клубларнинг ўзаро ўйинлари ҳали у қадар кўп эмас. Илк бор 2019 йилги мавсумда тўқнашишган. Ўшанда Термиздаги биринчи баҳсда “Сурхон” 2:0 ҳисобида устун келганди. Шундан бери ўтказилган 5 та ўйинда фақат “Бунёдкор”нинг қўли баланд келяпти. “Қалдирғочлар” камида 2 та, бўлмаса ундан кўп гол урган ҳолда рақибини мағлубиятга учратмоқда. Қизиғи, бу жамоалар ўртасидаги курашда бирор марта ҳам дуранг қайд этилмаган. “Сурхон” 6 та гол урган ва 16 та тўп олиб чиққан. “Бунёдкор” ўзаро учрашувлардаги сўнгги бешта беллашувдан бери “Сурхон”га ҳеч қандай имконият қолдирмасдан келяпти. Кўрамиз, бу сафар нима бўларкин?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ffssdgg Vtrdfg
29/05/2022 18:07
Сурхонди стадиони таер булмас экан уй уйнлари четда уйналаверади ва бу бутболчиларга рухий тасир утказади бугун Сурхонга галаба тилайман мухлислар учун уйнанглар йигитлар галаба керак.