Табатадзедан Черангача...
1-турдан кейин ўзига яраша фикрлар, таассуротлар шаклланди. Кимдир кутилган, яна кимдир кутилмаган даражада ўзини кўрсатди, дейиш мумкин. Илк турдаги 7 та учрашувнинг энг зўрлари аниқланди.
“Навбаҳор” – “Динамо” – 3:1. Энг яхши футболчи: Тома Табатадзе
“Навбаҳор” клуби кутилганидек чемпионатни ғалаба билан бошлади. Наманганда “Динамо”га қарши беллашувда Самвел Бабаян жамоаси 3:1 ҳисобида устун келди. Учрашув “Навбаҳор”нинг грузиялик легионери Тома Табатадзе илк турдаёқ дублга эришди ва жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. 90-дақиқада ўрнини жамоадошига бўшатиб берган ҳужумчи ўйиннинг энг яхшисига айланди. Бунга унинг иккита гол ургани асосий сабаб.
“Насаф” – “Олимпик” – 2:0. Энг яхши футболчи: Акмал Мозговой
Рўзиқул Бердиев чемпионатнинг биринчи турида Тимур Кападзе устозлигидаги “Олимпик”ни 2:0 ҳисобида енгди. Учрашувда биринчи гол муаллифи бўлган Акмал Мозговой шубҳасиз учрашувнинг энг зўр ўйинчиси деб топилди. У бунга ҳақли эди. Чунки Мозговой баҳсни жуда фаол ўтказди.
“Бунёдкор” – “Қизилқум” – 1:3. Энг яхши футболчи: Шаҳбоз Жўрабеков
Кўпчилик кутмаганда “Қизилқум” Тошкентда “Бунёдкор”ни мағлубиятга учратиб қайтди. Биринчи бўлимнинг ўзида навоийликлар жавобсиз учта гол уриб, ўйин тақдирини деярли ҳал қилиб қўйгандилар. Иккинчи бўлимда мезбонлар фақат бир марта жавоб голини урдилар холос. “Қизилқум”га янги қўшилган ва дебютини ўтказган ҳимоячи Шаҳбоз Жўрабеков ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олди. У ҳимоячи бўлишига қарамай, рақиб дарвозасига гол урди ҳамда голли асситни ҳам амалга оширди. Хуллас, илк беллашувда Жўрабеков қойилмақом ўйнади ва энг яхши футболчига айланди.
“Сўғдиёна” – “Нефтчи” – 1:2. Энг яхши футболчи: Нсунгусу Эффионг
Мусобақанинг фаворитларидан бири Виталий Левченко шогирдлари ҳам мавсумни ғалаба билан бошладилар. Жиззахда “Сўғдиёна” билан бўлиб ўтган ўйинда “Нефтчи” 1:2 ҳисобида ғолиб чиқди. Нигериялик ҳужумчи Нсунгусу Эффионг шу куни бошланғич таркибда майдонга туширилди. Бош мураббийнинг қарори эса ўзини тўла оқлади. 14 ва 60-дақиқаларда “Нефтчи”нинг янги ҳужумчиси гол урди ва унинг дубли эвазига жамоасининг уч очкоси таъминланди. Дебютини муваффақиятли бошлаган бу ўйинчи сўзсиз энг зўри бўлди.
ОКМК – “Андижон” – 0:0. Энг яхши футболчиси: Владимир Бубанья
1-турда фақатгина Олмалиқдаги баҳсда гол урилмади. ОКМКнинг ҳам, “Андижон”нинг ҳам кучи тенг келди. Меҳмонларнинг сербиялик сардори Владимир Бубанья майдонда энг фаол ўйнаган ўйинчилардан бири бўлди. Бир вазиятда у гол уришга ҳам жуда яқин келганди. Бурчакдан оширилган тўпни боши билан йўллади, аммо дарвозабон зўрға бартараф этиб қолди. Бунинг устига Бубанья жамоасининг мудофаа чизиғини бехато ўйин кўрсатишида ва рақиб ҳужумларини қайтаришда жонбозлик кўрсатди.
“Локомотив” – “Металлург” – 2:2. Энг яхши футболчи: Дилшод Комилов
Шубҳасиз Дилшод Комилов ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. Бир йиллик танаффусдан сўнг яна “Локомотив”га қайтган ҳимоячи “Металлург”га қарши чемпионатнинг биринчи учрашувида иккита гол уришга муваффақ бўлди. У Суперлигадаги нафақат дебют голини урди, балки дублини ҳам расмийлаштиришга муваффақ бўлди. Комилов қайтишини мана шундай тарзда муваффақиятли бошлади. Бироқ “Локомотив”га ғалаба қозониш насиб қилмади.
“Сурхон” – “Пахтакор” – 0:3. Энг яхши футболчи: Драган Черан
Бу йил 37 ёшни қаршилайдиган тажрибали легионер ҳужумчи Драган Черан янги мавсумни дубль билан бошлади. “Пахтакор” ўз майдонида “меҳмон” жамоа сифатида “мезбон” “Сурхон”га қарши майдонга тушди. 5 йилдан бери тўпурарликни ўзида сақлаб келаётган Черан янги мавсумни яна голлар билан бошлади ва рақиб дарвозасини икки маротаба ишғол этди. У ҳамон энг яхшиси эканини амалда исботлаб келяпти.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар