Тарихда илк бор ўзбек каратэчиси жаҳон чемпионати финалида!
Шу кунларда БААнинг Дубай шаҳрида каратэ бўйича катталар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли мусобақада сайёрамизнинг беш қитъасидаги 104та давлатдан жами 983 нафар спортчи ғолиблик учун татамига чиқишмоқда. Жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини Ўткам Бекпўлатов бошчилигидаги 15 нафар каратэчимиз ҳимоя қилишяпти.
Бугун эркаклар ўртасида -75 кг вазн тоифасидаги жангларда каратэ WКФ бўйича миллий терма жамоамиз аъзоси, спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби спортчиси Достонбек Отаболаев финалга йўл олди.
У жаҳон чемпионатининг ярим финалида АҚШ вакили Томас Скоттни 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва финал йўлланмасини қўлга киритди. Энди ҳамюртимиз 20 ноябрь куни бўладиган финал жангида Миср вакилига қарши олтин медаль учун жанг қилади.
Каратэ WКФ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 23 ноябрь куни тунда юртимизга қайтиб келишади.
Фикрлар