Терма жамоанинг қароргоҳи ўзгартирилади
“Жаҳон чемпионати–2026”да иштирок этиш учун АҚШнинг Калифорния штатидаги Сан-Диего шаҳрида жойлашган Швейцария терма жамоаси шошилинч тарзда янги база қидирмоқда.
Бунга жамоа меҳмонхонаси атрофида заҳарли илонлар аниқлангани сабаб бўлган. Швейцария футбол ассоциацияси футболчилар ва ходимларни “илонлар ҳудуди”га бормаслик ҳақида огоҳлантирган ва ҳатто бу ҳудудни махсус харитада белгилаб қўйган.
Қайд этилишича, Сан-Диего округи чақмоқдум илонлар яшайдиган ҳудуд ҳисобланади. Минтақада учрайдиган тўрт турдаги чақмоқдум илоннинг барчаси заҳарли саналади.
Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Швейцария терма жамоаси Канада, Босния ва Герцеговина ҳамда Қатар терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Швейцария ўзининг илк учрашувини 13 июндан 14 июнга ўтар кечаси Қатарга қарши ўтказади.

Фикрлар