Тезкор: Ҳусанов мухлисларига “Ланс”дан хушхабар
Кучли бешлик чемпионатларидаги иккинчи вакилимиз – Абдуқодир Ҳусанов Фрация чемпионатидаги дебютини нишонлаб улгурганди. 19 ёшли футболчимиз бешинчи турда “Мец”га қарши ўйинни бошланғич таркибда бошлаб, 72 дақиқа ҳаракат қилганди.
“Ланс” кичик ҳисобда имкониятни бой берган ўша беллашувда Абдуқодир Ҳусанов жамоасининг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилган ва мухлису мутахассислар эътиборини яна ўзига қаратган эди. Ёш легионеримиз шу тариқа биринчи синовдан ўтиб бўлган.
“Ланс” фаолиятини ёритиб бораётган https://www.lensois.com сайтининг хабар беришича, бош мураббий Франк Хейз “Лилль” билан бўладиган ўйинда ўзбек футболчисини яна илк дақиқалардан майдонга туширади.
Манбанинг таъкидлашича, Абдуқодир Ҳусанов дисквалификация туфайли жамоага ёрдам бера олмайдиган Жонатан Градит ўрнини эгаллайди.
“Мец”га қарши ўтказилган учрашувда асосан чап қанотда тўп тепган футболчимиз бу гал ўнг тараф ҳимоясини таъминлаши талаб этилади.
- Бу вазифа Абуқодирга янада осон, чунки у ўнақай футболчи ва унинг имкониятлари билан бу позицияда ўйнаш анча қулай. Бироқ Ҳусанов чап томонда ҳам ўйнай олишини исботлаб қўйган. У ҳимоянинг ҳар қандай нуқтасида ўйнай оладиган универсал ҳимоячи.
Менга Абдуқодирнинг уратини кўрсатишганида Факундо Мединани эсга олдим. У ҳам жуда ёш эди. Шунга қарамай, Ҳусанов етук даражада ўйнай олишини кўрсатди. Унинг тил билмаслиги озгина қийинчилик туғдиряпти. Лекин ҳар куни ҳамроҳлик қиладиган таржимони бор. Ҳусанов майдонда кўрсатаётган ўйин ҳайратланарли, - деди бош мурабби Френк Хейз.
Абдуқодир Ҳусанов француз тилида, ҳатто инглиз тилида ҳам керакли сўзларни айта олмайди. бош мураббий нинг таъкидлашича, бу унга жамоага мослашишига халақит қилмаётган экан.
Футболчи жамоадошлари билан яқиндан мулоқот қилса, баъзан тил билишнинг ҳам кераги бўлмай қолади. Абдуқодир ҳимоячилар ишлатадиган сўзларнинг асосийларини ўрганиб олди. Учрашувдан олдинги топшириқларни тушунтиришда ва ўйин вақтида таржимондан фойдаланамиз, - деди Франк Хейз.
“Ланс”нинг асосий дарвозабони ва сардори Брис Самба ҳам Абдуқодир Ҳусанов ҳақида жуда илиқ фикр билдирди.
- Биз бир тилда гаплаша олмаймиз. Лекин Абдуқодир ақлли йигит ва француз тилини ўрганишга ҳаракат қиляпти. У асосий гап-сўзларни ўзлаштириб олди. Бир биримизни тушунтириш учун футбол тилини қўллаяпмиз.
Ҳусанов ўз ёшига нисбатан етук футболчи, унинг маҳорати мени ҳайратга солди. Унинг келажаги порлоқ, у жуда кучли ва тўп билан мукаммал даражада ҳаракат қилади. Абдуқодирда замонавий ҳимоячига керак бўлган ҳамма нарса етарли, - деди Брис Самба.
“Ланс” ва “Лилль” ўртасидаги учрашув 8 октябрь куни Тошкент вақти билан 20:05 да бошланади.
Фикрлар