Туркия Формула-1 тақвимига қайтди
Туркия Гран-приси яна Формула-1 тақвимига киради ва 2027 йилда бўлиб ўтади, деб хабар берди мусобақа матбуот хизмати.
Босқичнинг қайтиши жума куни Истанбулдаги тақдимотда эълон қилинди. Тадбирда мамлакат президенти Режеп Тойип Эрдоған, Формула-1 ижрочи директори Стефано Доменикалли ва Халқаро автомобиль федерацияси (ФИА) президенти Муҳаммад бин Сулайем иштирок этди.
Маълумки, Гран-прини ўтказиш бўйича шартнома беш йил муддатга имзоланган. Босқич аввалроқ жаҳон чемпионати пойгаларига мезбонлик қилган "Истанбул Парк" трассасида бўлиб ўтади ва трассалар ротацияси тизимига кирмайди - пойга ҳар йили ўтказилади.
Туркия Гран-приси биринчи марта 2005 йилда Формула-1 тақвимига киритилган ва 2011 йилгача ўтказилган. Узоқ танаффусдан сўнг, босқич коронавирус пандемияси даврида икки марта - 2020 ва 2021 йилларда чемпионатга қайтди.

Фикрлар