У ўзга сайёраданми?!
Сўнгги кунларда норвегиялик ҳужумчи голларни қалаштириб ташламоқда. Дортмунд клубидаги ёрқин ўйинлари сабабли, кўплаб грандлар унга кўз тикиб турибди. ЕЧЛни Роналду ва Месси тарк этгач, барча мухлислар эътибор марказида янги қаҳрамонлар пайдо бўла бошлади. Улар орасида Эрлинг ўз рекордлари билан ажралиб турибди десак, адашмаган бўламиз. Сезганингиздек, бугун бўлажак супер юлдуз ҳақида сўз боради.
14 ўйин 20 гол!
Эрлинг катта футболга жуда катта тезликда кириб келди. Ёш бўлишига қарамай, Европа чемпионлар лигаси мусобақасида 20 бор гол нишонлашга улгурди. У тўпурарлар рўйхатида Ромелу Лукаку, Фалкао, Франческо Тотти, Роналдо, Адриано сингари ўтмиш юлдузларини қувиб ўтди. Ваҳоланки, ўйинлар сони бўйича Холанд улардан анча орқада.
Қувонарлиси шундаки, бу голларнинг ярми грандлар дарвозасига киритилган. «Ливерпуль», «Наполи», ПСЖ, «Лацио» сингари клублар норвегиялик болакайдан зарар кўрди. Эрлинг сермаҳсуллик бобида Роналду ва Мессидан анча катта тезликда олдинга силжимоқда. Лео 20 та гол киритиш учун 40 бор майдонга тушган бўлса, Роналду 56 учрашувдан сўнг, 20-голини дарвозага йўллаган. Харри Кейн 24, Роберт Левандовски эса 36 ўйинда 20-голини нишонлаган.
Ҳозирда Эрлинг 20 ёшда. У 20 та гол киритишга улгурган энг ёш футболчига айланди. Бунга қадар ушбу рўйхатда Кейн, Месси ва Мбаппе етакчилик қилаётган эди.
Умумий натижа ҳам ажойиб!
Қаҳрамонимиз профессионал фаолиятидаги 102-голини «Севилья» дарвозасига жойлади. Бунинг учун унга 146 ўйин кифоя қилди. Солиштирсак, Холанд қолганлардан анча илгарилаб кетганини дарров англаймиз. Мисол учун: Лео Месси – 210 ўйин, Златан Ибраҳимович – 245 ўйин, Роналду – 310 ўйин.
Жорий мавсумда Эрлинг рекордларни янгилашга «енг шимариб» киришган. 29 ўйин 31 гол! Афсуски, Дортмунд клубининг мудофааси ҳужум сингари фойдали эмас. Шу боис, улкан совринлардан умид қилишнинг имкони йўқ. Ваҳоланки, Бундеслига вакиллари билан ўйинларда Холанд йўқолиб қолгани йўқ. Унинг ҳисобида «РБ Лейциг» ва «Бавария» дарвозасига киритилган 4 гол мавжуд. Баъзи инсонлар Эрлинг Роналду ва Мессидан анча эрта майдонда кўриниш берди, деб ҳисоблаши мумкин, бироқ ундан ҳам ёшроқ дебют қилган Майкл Оуэн, Серхио Агуэро, Уэйн Руни, Ромелу Лукаку бу даражага етиша олмаган.
Чарм тўп тарихидаги энг яхши тўпурарлар қаторида Эрлингни кўрмаслигимиз мумкин, бироқ бунга ўзига хос сабаблар мавжуд. «Сантос» сафида голларни қалаштириб ташлаган Пеле ёки «Реал» сафида ярим профессионал рақибларини додини берган Ференц Пушкаш киритган голлар бунга йўл қўймайди. Эрлинг эса, барча футбол ўйнашни ўрганган замонда шундай сермаҳсуллик кўрсатмоқда. Бу таҳсинга сазовор.
Эрлинг керакми? Унда 150 миллион тўланг!
Италиялик пул ундириш даҳоси Мино Райола аллақачон ишни пишитиб бўлган. У футболчининг шартномасида «Боруссия Дортмунд» ва бошқаларнинг кейинги трансфердан қанча ишлаб олиши кераклигини белгилаб ҳам қўйган.
110 миллион дортмундликларга қолади. Қолган 40 миллиони у ва футболчининг дадаси бўлишиб олади. Ушбу комбинация тез орада амалга ошиши мумкин. Сабаби, Холанд ҳар жабҳада ўсиб келмоқда. У янги аср ҳужумчиси. Шу боис, олдинги чизиқда исталган позицияда кўриниш бериши мумкин. Энг муҳими, жамоавий ўйиндан тушиб қолмайди. Левандовски сингари 14-ҳудудида тўпни кутиб ўтирмайди. Вазиятга мослашишга ўрганган.
У мураббий ёки ўйин услубини танлаб ўтирмайди. Шундай экан, Эрлинг учун 150 миллион евродан кам таклиф этиб бўлмайди. Боз устига, шахсий шартнома борасида у Мбаппе, Месси, Роналду, Левандовскидан анча камтарроқ.
Ҳозирданоқ мухлислар Эрлингни турли лигаларда тасаввур қилишни бошлаб юборди. Кимдир баланд бўйли йигитни АПЛда синаб кўриш ҳақида фикр билдирса, яна кимдир уни Бенземанинг издоши, деб атамоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам Эрлингнинг трансфери катта шов-шувга сабаб бўлади.
Рекордлар янгиланадими?!
Ўтган мавсумда Эрлинг 44 бор рақиб дарвозаларини ишғол этишга муваффақ бўлди. 19 ёшли футболчи учун фантастик кўрсаткич! Ҳозирда унинг голлари сони ўттиз битта. Яна 14 гол ва шахсий рекорд янгиланмоқда!
Холанд қизлар ва болалар бирга тўп суриши учун мўлжалланган спорт мактабида таълим олганига қарамай, сифатли футболчига айлан олди.Унинг катта футболга кириб келиши, кўплаб грандларнинг академиясидаги ишларни яхшилаш кераклигидан далолат бермоқда.
Холанд ўз голлари билан «Боруссия» жамоасидан узоқлашиб бормоқда. Сабаби, ҳар бир гол унинг янада кучли жамоага ҳақли эканлигини билдиради. Агар Бундеслигада Дортмунд клуби ЕЧЛ йўлланмасини қўлдан чиқариб юборса, Эрлингни ушлаб қолиш имконсиз. У жисмонан бақувват, тактик ўқувга эга форвард. Қаҳрамонимиз ўзининг ҳар бир мавсумидан тўғри фойдаланиш ва тезроқ футбол тахтига ўтиришни режалаштирган. Бунинг учун унга атиги 3 омил зарур. Тўғри танланган янги жамоа, уни тушуна оладиган мураббий ва жароҳатлардан эҳтиёт бўлиш. Агар шу учликни бир ерга жамласа, Холанд келажакда Месси ва Роналдунинг ўрнига ўтириши мумкин.
Фикрлар