Уч номзод: "Реал" янги ҳимоячи танлаяпти
«Реал» Мадрид марказий ҳимоячи Рауль Асенсио узоқ муддатга сафдан чиққанидан сўнг, янги марказий ҳимоячи излашга киришди. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, мадридликлар рўйхатида уч номзод бор: «Комо» клуби аъзоси Хакобо Рамон, «Боруссия» Дортмунд ҳимоячиси Нико Шлоттербек ва «Интер» сафида тўп сураётган Алессандро Бастони. Айни пайтда энг устувор вариант сифатида айнан Рамон кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ёзида «Реал» Рамонни 2,5 миллион евро эвазига «Комо»га сотган, бироқ футболчи ҳуқуқларининг 50 фоизини ўзида сақлаб қолган ва уни қайтариб олиш бўйича бир нечта механизмни келишиб олган. Жумладан, келаси ёзда мадридликлар 9 миллион евро эвазига қайта сотиб олиш бандини ишга тушириш имкониятига эга.
Шу билан бирга, асосий тўсиқ сифатида футболчининг ўзига боғлиқ омил кўрсатилмоқда. Рамон Италияда доимий ўйин амалиётига эга ва шу сабаб «Реал»га қайтиш истаги унчалик катта эмаслиги таъкидланмоқда.
Эслатиш жоиз, етти турдан сўнг «Реал» Испания Ла Лигасида 15 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.

Фикрлар