УЕФА 2030 йилги жаҳон чемпионатини бойкот қилади

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

УЕФА 2030 йилги жаҳон чемпионатига шартли бойкот эълон қилди. Бу ҳақдаги қарор бугун ўтказилган онлайн йиғилишида уюшманинг барча 55 та миллий ассоциацияси томонидан маъқулланди.

Европа футболи раҳбариятининг кескин муносабатига ФИФАнинг FIFA Forward Enterprise номли алоҳида компания тузиш режаси сабаб бўлди. Ушбу тузилма орқали федерациянинг энг йирик мусобақаларига оид тижорат ва трансляция ҳуқуқларини бошқариш кўзда тутилган эди. Лойиҳадаги улушларнинг бир қисмини хусусий инвесторларга бериш таклиф қилинган — турли манбаларга кўра, гап 20–30 фоиз атрофидаги пакет ҳақида кетмоқда. УЕФА буни мақбул деб топмади: уюшмага кўра, жаҳон чемпионати аввало спорт мероси, уни оддий инвестиция лойиҳасига айлантириш мумкин эмас.

УЕФА баёнотида алоҳида таъкидланишича: «Жаҳон чемпионати сотилмайди». Бойкот таҳдиди фақат 2030 йилги эркаклар мундиалига эмас, балки аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига ҳам тааллуқли.

Шу билан бирга, бойкот ҳозирча шартли ҳисобланади. Агар ФИФА хусусий инвесторлар билан битимдан воз кечса ва мусобақаларнинг ҳозирги формати сақланишини кафолатласа, Европа ассоциациялари жаҳон чемпионатларида иштирок этишга тайёрлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2030 йилги жаҳон чемпионати Португалия, Испания ва Марокаш ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган. Мусобақанинг айрим очилиш учрашувлари эса илк мундиал ўтказилганига юз йил тўлиши муносабати билан Аргентина, Уругвай ва Парагвайда бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!