УЕФА Чемпионлар лигаси ўйини олдидан ўзбек легионери супер гол урди!
Ўтган йилги мавсумда Беларусь чемпионатида аввал “Энергетик-БГУ”, иккинчи даврадан “Шахтёр-Солигорск” сафида порлаган Жасур Яхшибоев чемпионат олтин медалини қўлга киритган эди. Беларусда тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган ва энг фойдали футболчи, деб эътироф этилган ҳамюртимиз Европанинг бир неча жамоалари эътиборига тушди.
Кутилмаганда, қишки трансферлар вақтида Польшанинг энг қудратли клубларидан “Легия” сафига қўшилган футболчимиз турли сабабларга кўра, асосий таркибдан четдан қолди. Ярим йил давомида етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаган Жасур яқинда Молдованинг “Шериф” жамоасига кўчиб ўтди.
“Шериф” Молдова тарихида илк маротаба УЕФА Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқишни уддалади ва ушбу турнир олдидан таркибини кучайтириш учун Жасур Яхшибоевни трансфер қилди.
Ҳамюртимиз Молдова чемпионатининг 9-турида биттадан гол ва ассист қайд этиб, ҳамон ўткир ҳужумчи эканини исботлади. Совринли ўринлар учун курашда “Шериф”нинг рақобатчиси бўлган “Петрокуб” жамоасига қарши ўтказилган баҳс старт олаётган Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида “Шахтёр” билан 15 сентябрь куни бўладиган беллашувга тайёргарлик вазифасини ўтади.
Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган учрашувда Юрий Вернидуб шогирдлари рақиб жамоани иккинчи бўлим ўрталарига келиб таслим қилди. 72-дақиқада жамоанинг янги ўйинчиси Жасур Яхшибоев колумбиялик легионер Франко Кастаньедони қулай позицияга чиқарди. Вазиятдан унумли фойдаланган легионер ҳисобни очди.
Беш дақиқадан сўнг, Яхшибоев ғалабани мустаҳкамлади. Легионеримиз жамоадоши оширган тўпни рақиб дарвозасига аниқ жойлади – 2:0.
Учрашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Юрий Вернидуб ўзбекистонлик футболчи ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
- Яхшибоев Худо берган ҳужумчи. Бу футболчини анчадан бери танийман. Уни олш имконияти пайдо бўлганини айтишганидан кейин дарров рози бўлдим. Мен унинг кучли томонларини жуда яхши биламан.
Ўтган йили уни Киевнинг “Динамо”си олмоқчи бўлганди. Нега бу трансфер тўхтаб қолганини билмайман. Жасур шу ерда эканига хурсандман. Момо Янсане билан бирга у клубга катта фойда келтиради. Улар яхши савиядаги футболчилардир, - деди Юрий Вернидуб.
Молдова чемпионатида кетма-кет тўртинчи ғалабасини нишонлаган “Шериф” 9-турдан сўнг очколари сонини 12 тага етказиб, тўртинчи ўринда бормоқда. Чемпионат пешқадами – “Милса” жамоаси ҳисобида 20 очко бор.
Шериф 15 сентябрь куни УЕФА Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида дебют қилади. “D” гуруҳининг биринчи турида тирасполликлар Украинанинг “Шахтёр” клубини қабул қилади. Ушбу гуруҳдан “Интер” ва “Реал” клублари ҳам жой олган.
Демак, Жасур Яхшибоев “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли мусобақасида Европа грандларига қарши тўп тепади. Бу эса ҳамюртимизга дунёнинг барча бурчакларидаги мухлису мутахассислар диққат марказида турган мусобақада ўзини кўрсатиш имконини беради.
Фикрлар