Улар етимми ёхуд нега "Насаф"га эътибор қаратилмаяпти?
Ўзи "аждарлар"нинг юртимиздаги бошқа клублардан фарқи катта эмас. Уларда ҳам молиявий муаммолар тез-тез кўриниш беради, етакчиларни грандлардан сақлаб қола олмайди, давлат қарамоғидаги жамоа, лекин биргина омил "Насаф"га бўлган меҳримизни оширади. Таркибда ким бўлишидан қатъи назар, клуб либосини кийган футболчилар кўзидаги "олов"! Ёш бўлишига қарамай, майдонда жамоа рамзи учун арслонлардек олишаётган йигитларга тикилган юртдошларимизнинг кўзида завқ пайдо бўлиши аниқ. Ўзининг рақибга агрессив муносабатда бўлиши билан донг таратган "Навбаҳор" мухлислари ҳам уларни тик туриб, қарсаклар билан кузатиб қўйгани бежиз эмас. Ҳалол ўйин ва кучли иштиёқ Рўзиқул Бердиевнинг "Насаф"ида биринчи бўлиб кўзга ташланадиган жиҳат.
Тўғриси, бугун мутахассиснинг матбуот анжуманидаги сўзлари дилни хира қилди. Раҳбариятнинг беэътиборлиги, маошлар ва бошқа кўплаб масалаларда клуб ёлғизланиб қолганини тушуниш мушкул эмас. Ҳали ҳам Рўзиқул Бердиев айбни бўйнига олди ва муаммонинг бир учини чиқарди, холос. Ҳар ҳолда, кўз-кўзга тушади, эртага яна бир эшикдан кириб чиқиш бор...
"Йигитларга қуруқ "ғалаба қозонинглар", деб мотивация бериб бўлмайди"
Бу сўзлар ортида қанчалик дард бор эканлигини тушуниш учун файласуф бўлиш шарт эмас. Aслида, Бердиев ҳар сафар дардини достон қиладиган мутахассислар сирасига кирмайди. У ҳам чидаб тура олмади-ми, билингки, аҳвол биз ўйлагандан оғир. Ҳар йили терма жамоамизга янги номларни оғринмай етказиб бераётган мураббийни тушуниш мумкин. Ўз фарзандларидек бўлиб қолган футболчиларни унга умид билан боқиб турган нигоҳига бардош бера олмагани аниқ. Ҳозир Қарши клубининг аҳволи, муаммоси ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Шунга қарамай, клуб раҳбариятига журналист эмас, жайдари ўзбек йигити сифатида мурожаатим бор:
Илтимос, кўзингизни очинг! "Насаф" фақат Қарши шаҳрининггина клуби эмас! У аллақачон халқ жамоалари қаторидан ўрин эгаллаган. Унинг келажакдаги аҳволига биз бефарқ эмасмиз! Жамоа бошига тушган мушкул вазиятдан чиқиб кетиши фақат сизлар қабул қиладиган қарорга боғлиқ. Илтимос, воқеага жиддийроқ эътибор қаратинг. Aкс холда, халқ ўз жамоасини ҳимоя қилишга мажбур бўлади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар