Улар яна бирлашмоқда
Лионель Мессининг МЛСга йўл олиши кутилмаган воқеа бўлганди. У "Барса" ёки "Ал-Ҳилол"га ўтиши борасида кўплаб нашрлар бот-бот ёзишди. Якун эса бошқача тус олди ва аргентиналик юлдуз "Интер Майами" аъзосига айланди. Мазкур клуб ҳақда кўпчилик маълумотлар излаш жараёнида жамоа лигада 29-ўринда кетаётганлиги ва атиги 5 маротаба ғалаба қозонганига гувоҳ бўлишди. Демак Месси МЛСнинг энг кучли жамоасига эмас, балки аутсайдер клуб таркибига қўшилибди. Бу нарса кўплаб мемларни келтириб чиқарди ҳам. Месси эса янги мақсадлар, янги совринлар учун курашда эски дўстларидан фойдаланишга қарор қилди. "Интер Майами" собиқ "Барса" футболчиларини ўз таркибига қўшиб олиш миссиясини қабул қилиб олди. Энди буни бирин-кетин амалга ошириш керак.
Серхио Бускетс
Ҳозирча "Интер Майами" фақатгина Серхио Бускетсни ўз футболчиси сифатида таништирди. Унинг "Барселона" билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар тузилган эди. Аммо клубнинг молиявий ҳолатини яхшилаш учун битимни бекор қилиб, католонияликларни эркин агент сифатида тарк этишга қарор қилди. Агарда Месси "Ал-Ҳилол"ни танлаганида катта эҳтимол билан Бускетс ҳам Саудияга йўл олган бўларди. Миш-мишларга кўра, ярим ҳимоячининг дастлабки қарори Осиё томонларга келиш бўлган. "Ан-Наср" унга жиддий қизиқиш билдираётганди. Аммо Бускетс Месси билан яна бир таркибда ўйнашга рози бўлди. 35 ёшли футболчи ва "Интер Майами" ўртасида 2 йиллик шартнома тузилган.
Хорди Альба
Бускетсдан ташқари Хорди Альба ҳам "Барселона" билан шартномасини бекор қилиб, эркин агентга айланди. Ҳали ҳимоячи тўлиқ "Интер Майами" футболчисига айланмади. Аммо тез орада расмий хабар эълон қилинади. Клуб президенти Хорхе Мас Альба билан ҳаммаси келишиб қўйилгани ва яқин кунларда уни жамоага келиб қўшилишини айтиб ўтди. Хордида ҳам Саудия Арабистони варианти бўлган, лекин у Мессига яна ассистлар амалга оширишга қарор қилди. Альба учун "Барса"даги сўнгги мавсум яхши ўтгани йўқ. Гарчи клуб Ла Лигани қўлга киритган бўлса ҳам 34 ёшли испан Алехандро Бальдега асосий таркибни топшириб қўйди. Аммо керакли вазиятда ўзини кўрсата олган пайтлар ҳам бўлди. Энди у бошланғич таркибдан ҳавотир олиши шарт эмас.
Луис Суарес
Месси "Интер Майами"га ўтганидан кейин кўплаб нашрлар Луис Суарес трансфери ҳақда хабар берди. Амммо ҳужумчи миш-мишларни рад қилиб, "Гремио"да қолишини таъкидлаганди. Айни пайтга келиб уругвайлик футболчи қарорини ўзгартирганга ўхшайди. Ҳар ҳолда у ҳам "Интер Майами"га ўтишга яқин турибди. Шахсий шартлар бўйича келишиб олинган, лекин Суареснинг "Гремио" билан 2024 йилнинг қишига қадар тузилган шартномаси бор. Агарда уни кимдир сотиб олишни истаса, Бразилия клубига 70 миллион товон пулини тўлаши керак бўлади. Сўнгги янгиликларга кўра,. Луис "Гремио" билан битимни бекор қилиб, "Интер Майами"га ўтиши мумкин экан. Бир мавсумда иккита жамоада тўп сурган Саурес энди АҚШни забт этишга отланмоқда.
Кейингиси ким?
"Инер Майами" тўхтаб қолиш нияти йўқ. Миш-мишларга кўра, Майами клуби эркин агентга айланган Андрес Иньеста, Эден Азар ва Серхио Рамос каби футболчиларни ўз сафига қўшиб олишга уринмоқда.
Фикрлар