Усмон Дембеле! "Реал"дан кутилмаган трансфер
Мадриднинг "Реал" жамоаси УЕФА Чемпионлар лигаси ғолиби ПСЖ ҳужумчиси Усмон Дембелени таркибга қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда TRT Spor нашри.
Маълумотларга кўра, клуб президенти Флорентино Перес президентлик сайловидаги ғалабасини шу ёзги трансфер ойнаси даврида ёрқин харид билан белгилаб қўйишни истамоқда. "Реал" ҳужум чизиғини кучайтириш учун бир қатор номзодларни ўрганиб чиққан ва улар орасида Дембеле асосий вариантлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Франциялик футболчини олиш учун эҳтимолий манбалардан бири сифатида Браим Диаснинг сотилиши ҳам тилга олинмоқда. Шу йўл билан мадридликлар ёзда трансфер учун қўшимча маблағ ва легионерлар учун квота очишни режалаштирмоқда.
Усмон Дембеленинг ПСЖ билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзигача мўлжалланган.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида "Реал" ҳужум чизиғига "Атлетико" ҳужумчиси Хулиан Альваресни олиш бўйича уринишларини якунлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Ўтган мавсумда Дембеле ПСЖ таркибида барча мусобақалар доирасида 37 та ўйин ўтказиб, 19 та гол урди ва 10 та голли узатма амалга оширди. Ҳужумчи ҳозирда "Олтин тўп" совринининг амалдаги соҳибидир.

Фикрлар