Ванда Нара Икардини "чопиб" кетди

Ҳозирда “Галатасарой” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Мауро Икарди турмуш ўртоғи ва агенти саналган Ванда Нара билан расман ажрашганини эълон қилди. Аслида, бу ҳақдаги хабарлар 2021 йилнинг охирига келиб урчиб кетган эди. Яқинда Ванда ўз ижтимоий тармоқлари орқали барчасини тасдиқлади.

Анча аввалроқ бу жуфтликнинг ораси бузилгани борасидаги маълумотлар пайдо бўлгани рост. Ўтган йилнинг ноябрь ойидаги жанжал кўпчиликнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Ўшанда Нара турмуш ўртоғини фотомодель Чина Суарес билан ишқий муносабатда эканликда айблаган ва ажрашмоқчилигини эълон қилади. Вазият кескинлашганини кўрган Мауро дарров реакция билдирди. Билдирганда ҳам, ўз эркини қўш-қўллаб Нарага топширди. Унга кўра, Икарди ўзининг шартномасини тўлиқлигича турмуш ўртоғи номига ўтказиб берди. Бу ҳам етмаганидек, ўз ҳисобидаги барча мол-мулкни 2050 йилга қадар Ванда қўлида бўлишини англатувчи қоғозга имзо чекди.

ванда2

2022/23 йилги мавсум бошида жамоа постини қабул қилиб олган Кристофер Гальте ПСЖда Икардига жой йўқлигини айтди. Аввалига, футболчининг агенти клуб билан жанжаллашди. Катта компенсация тўлаши мумкинлиги билан пўписа ҳам қилди, аммо якунда эри учун янги жамоа излашни бошлади. Ҳар ҳолда, бу ишдан келиб тушадиган даромаднинг деярли барчаси унинг ҳисоб рақамига бориб тушади-ку!

Аслида, вариантлар орасида кучли бешлик аъзолари етарлича эди, бироқ Ванда Туркияни танлади. У шахсан ўзи музокараларда иштирок этиш мақсадида бир неча кун давомида Истанбул шаҳрида бўлди. “Фенербахче” ва “Галатасарой” бир вақтда қизиқиш билдиргани учун танлов осон бўлмади. “Мундо Депортиво” нашрининг маълум қилишича, Нара мижози учун яхшигина шароит яратиб берган:

Сутканинг исталган пайтида фойдаланиш мумкин бўлган автоулов ва ҳайдовчи!

Футболчининг диетасини бузиб қўймаслик учун махсус таҳсил олган профессионал ошпаз.

Истанбулнинг энг тинч туманида жойлашган улкан уй ва тўлиқ қўриқлаш хизмати!

Умуман олганда, “Галатасарой”га ўтишни ортга ташланган қадам деб бўлмайди. Сабаби, футболчи Туркияга бир йиллик ижара асосида ташриф буюрди. Мауронинг клубдаги 12 ойлик маоши 6,75 миллион еврони ташкил этади. Эътиборлиси, бу сумманинг 6 миллионини Париж жамоаси тўлайди. Тан олиш лозим, Нара ўз мижози учун анчагина фойдали келишувга эришди.

У прогматик аёл. Аргентинанинг бир нечта нашрлари ушбу жуфтликдаги севги манфаатлар устига қурилгани ҳақида бир неча бор ёзган эди. Нара худди аввалги эри – Макси Лопес сингари Маурони ҳам бизнес-актив ўрнида қабул қилди. Ёдингизда бўлса, томонлар ажрашгач, фарзандларини ўзи билан олиб қолган Нара Максидан 2 миллион евро ҳам ундиришга муваффақ бўлганди.

Бечора Мауро бундан ҳам оғирроқ аҳволда. Унинг даромади 2050 йилга қадар собиқ турмуш ўртоғининг тасарруфида бўлади. Аргентиналик ҳужумчи узоқни кўра олмагани учун тақдир томонидан шундай жазога лойиқ кўрилмоқда. Ачинарлиси шундаки, Икарди деярли 5 йил давомида ўз эркини тўлиқлигича бир аёлга топшириб қўйди ва якунда таназзулга юз тутди. Карьераси, келажаги ва терма жамоадаги ўрнидан айрилди.

32шошво2ш3в

Ғалати эшитилиши мумкин, аммо Ванда Икардининг сувини сиқиб, ичиб бўлди. Ҳужумчи ҳозир 29 ёшда. Фаолиятида пасайиш кузатилаётгани факт. Унинг Париждан Истанбулга кўчиб ўтгани сўзимизга исбот бўлиши аниқ.
Кўриниб турибди-ки, Ванда деярли фойдасизга айлаган турмуш ўртоғидан қутилиш учун айни вақти эканлигини ҳис қилган. Шу боис, ортиқча муаммосиз ҳаммасига нуқта қўйиб юборди. Футболчи ҳозир айрилиқ азобини тортаётганини яшириб ўтирмаяпти. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига севги ҳақидаги постларни қўйишда давом этаётган бир пайтда, Нара келажак учун янги режалар қураётган бўлса не ажаб?!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!