Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири делегациямизни қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ҳамда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов Будапешт шаҳрига хизмат сафари доирасида Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Сиярто Петер билан учрашув ўтказишди.
Делегациямиз аъзолари жаноб Петерга Президентимиз томонидан мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришга қаратилаётган улкан эътибор ҳақида батафсил маълумот беришди. Ўз навбатида, Сиярто Петер давлатимизга кўп бора ташриф буюргани, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардор эканини таъкидлади.
Самимий руҳда ўтган тадбир давомида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни спорт кесимида янги босқичга олиб чиқиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, Венгрияда ишлаб чиқариладиган энг сифатли спорт инвентарлари, спорт соҳасида ишлатиладиган фармакологик воситалар савдосини ривожлантириш мавзулари кун тартибининг асосий қисмидан жой олди.
Учрашувда ҳар икки мамлакатнинг энг кучли мутахассисларини тажриба алмашиш учун таклиф қилиш, турли терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш ва уларга қулайликлар яратиш каби масалалар батафсил кўриб чиқилди.
Шунингдек, делегациямиз вакиллари сузиш бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилаётган “Дуна” аренасига ташриф буюриб, унинг қурилиш тарихи, имкониятлари билан яқиндан танишишди. Бу борада мезбонлар мутасаддиларимизга ушбу муҳташам объект ҳақида батафсил маълумот бериб бордилар.
Фикрлар