Винисиус "Реал"га қандай шарт қўйди?
Талаблар анча оғир
«Реал» клуби ва бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниор ҳозирча янги шартнома бўйича келиша олмаяпти.
Sport.es нашри маълумотича, музокаралардаги асосий тортишув молиявий масалаларга бориб тақалмоқда. Винисиус манфаатларини Roc Nation агентлиги ҳимоя қилмоқда. Ушбу агентлик вакиллари душанба куни Мадридга етиб келишлари кутилмоқда.
Улар «Реал» раҳбарияти билан нафақат Винисиуснинг келажагини, балки «Лейпциг» вингери Ян Диоманде трансфери эҳтимолини ҳам муҳокама қилиши режалаштирилган.
Манбаларга кўра, футболчи томони янги шартномага махсус «содиқлик бонуси»ни киритишни талаб қилмоқда. Унга кўра, Винисиус шартномани тўлиқ бажариб бўлгач, 15 миллион евро миқдорида қўшимча тўлов олиши керак бўлади.
Шунингдек, унинг вакиллари маош миқдори Килиан Мбаппе даромадига яқинлашишини истамоқда — солиқлар ундирилишигача бир мавсум учун тахминан 30 миллион евро атрофида.
«Реал» эса ҳозирча бундай талабларни қабул қилишга тайёр эмас. Винисиуснинг амалдаги шартномаси мадридликлар билан 2027 йил 30 июнига қадар мўлжалланган.
Ўтган мавсумда 26 ёшли бразилиялик барча мусобақаларда «Реал» таркибида 22 та гол урди. Аммо жамоа мавсумни совринсиз якунлаб, Испания чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади.

Изоҳлар (0)