
Виталий Левченко: "Андижон" ҳам, "Нефтчи" ҳам янги жамоа"
“Андижон” – “Нефтчи” (0:2) беллашувидан кейинги ташкил этилган матбуот анжуманида меҳмонлар устози Виталий Левченко иштирок этди.
- Барча учун қийин ўйин бўлди. Водий дербиси анча қизиқарли ўтди, деб ўйлайман. Бундай учрашувларда 100 фоиз ҳаракат билан ўйнашади ва ҳаттоки, ундан ҳам ортиқ меҳнат қилинади. Ўйинни бошидан то охиригача вазиятни ушлаб туриш учун керак. Чунки юқори даражада ўйин кечади. Учрашув бошидан охирига қадар мураббийлар штаби, футболчилар, мухлисларгача ўзига хос босим сезилиб турди. Бу учрашувда ғалаба қозонганимиздан хурсандман.
- Олдинги учрашувларга нисбатан бу ўйинда таркибда ротацияга қўл урилди...
- Ротация ҳақида нима дейишим мумкин? Бизда бир қатор жароҳат олган ўйинчилар бор. Бетоб бўлиб қолганлари ҳам бор. Шу боис бу вазиятдан чиқиб кетиш учун ротацияларга қўл уряпмиз. Бу борада бир қатор муаммоларимиз бор. Ушбу жараён тугагач, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади. Ким тайёр бўлса, ўша майдонга тушяпти ва ғалабага ўз ҳиссасини қўшяпти.
- Тома Табатадзега сермаҳсуллик етишмаятпи. Голлар урмаётганига нима дейсиз?
- Томада жароҳат билан боғлиқ муаммоли ҳолатлари бор эди. У аста-секин спорт формасига кириб боряпти. Ўзини кўрсата олади. Жароҳатдан қутулиб, машғулотларда яхши ишлаяпти. Тўлиқ икки тайм ўйнайдиган даражага чиқа олади. У барчасини тушуниб турибди. Жамоада рақобат бор. Ўйлаймизки, тез кунларда асосий таркибга қайтади.
- “Андижон” ҳозирда қийин вазиятни бошидан кечиряпти. Рақиб ўйинини қандай баҳолайсиз?
- Яхши ва шаклланган жамоа. Мавсум бошида “Андижон”ни шакллантириш бўйича кўп яхши ишлар амалга оширилди. “Андижон” ҳам, “Нефтчи” ҳам янги жамоа. Албатта, ўз ўйинини топиб олгунича бироз вақт керак. Ўйинчиларимиз мураббийлар штаби нима хоҳлаётганини тушуниб етишди ва шунга ҳаракат қилишди. “Андижон”да ўйин бор. Фақат майда деталларни яхшилаб олиш лозим. Шу ўринда “Андижон”га кейинги ўйинларда омад тилайман. Яхши ўйинлар кўрсатиб, ўз мақсадига эришишини тилаб қоламан.
- Ғалабани кимга бағишлайсиз?
- Барча мухлислар хоҳлашганди ва биринчи навбатда ғалабани уларга бағишлаймиз. Футболчилар майдонга чиқиб яхши ўйин кўрсатишди. Ғалабага мухлислар ва футболчилар катта ҳисса қўшишди.
Фикрлар