«Вулверхэмптон» - «Севилья»: Превью
Европа Лигасининг кеча якунига етган чорак финал беллашувлари бизга келгусидаги учрашувлар олдидан юқори интрига ва қизиқарли футбол ваъда қилмоқда. Кечаги ҳар иккала учрашув ҳам узлуксиз ҳужумлар остида кечди. Дарвозабонлар кеча қаҳрамони сифатида намоён бўлишди. Айниқса, «Копенгаген» посбони Йонссоннинг ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Бугун яна бир қатор қизиқарли номларга тўла бўлган «Вулверхэмптон» ва «Севилья» клублари куч синашади. Биз ушбу қарама-қаршилик олдидан унинг атрофидаги энг муҳим хабарлар ва мулоҳазаларга тўхталиб ўтамиз.
«Вулверхэмптон»
Кўпчилик «бўрилар»нинг имкониятларига етарлича баҳо бермаяпти. Ҳа, бугунги учрашув марказий мақомда. Аммо барча «Севилья» барибир ғалаба қозонади, деб ҳисобламоқда. Хименеснинг пенальтидан киритилган ягона голидан кўра кўпроқ ишлар қилинганини эса «Олимпиакос»га қарши баҳсни кузатиб борганларгина пайқашди. Ўз навбатида, Грециянинг 45 карра чемпионларининг даражаси ҳақида ҳам бош қотириб кўришни тавсия этган бўлардик.
Кетма-кет ҳужумлар остида кечган беллашув Руи Патрисиу учун ҳам яхши чигалёзди машғулот бўлиб қолди. Бўлғуси ўйинда қарама-қарши тарафдаги дарвозани қўриқловчи Вацлик эса нимчорак финалда ажабтовур сейвлари билан мақтана олмади. Бу ҳақида кейинроқ.
Нуну Эшпириту Санту ва бир қатор португал футболчилар «Вулверхэмптон»да бирлашган пайтда улар содиқлик дастури бўйича ҳам келишиб олганми, ёки йўқ буни билмаймиз. Аммо ушбу турнирни ютишга реал имконияти бўлган «дайдилар» учун ушбу титул қолган 7 та жамоадан ҳам кўпроқ кераклиги аниқ. Сабаби, топ даражага чиққан футболчи, албатта, катта ўйинларда майдонга тушишни хоҳлайди. Тўғри, премьер-лигада кичик ўйиннинг ўзи бўлмайди. Бироқ халқаро майдон бошқа масала. Устига-устак, ғолиб жамоа учун тақдим этиладиган мукофот суммаси Сантуга таркибдаги кичик бўшлиқларни тўлдириб олиш ва захира имкониятларини оширишда асқатади. Барибир «бўрилар»да битта яхши марказий ҳимоячига талаб бор. Ҳужумкор ярим ҳимоячи зонасига ҳам бирор бир истеъдод эгаси келса, ёмон бўлмасди.
«Вулвс» ўз тарихида илк бор ушбу турнир чорак финалига чиққанда (1972) жамоа бош мураббийи-да гўдак эди. Ўшанда уларга «Ювентус» рақиблик қилган ва инглиз клубининг қўли баланд келган. Ўша мавсум улар финалда мағлубиятга учрайди. Хўш, жорий мавсумда-чи?
Тахминий таркиб: Патрисиу, Боли, Коуди, Саисс, Доэрти, Дендонкер, Моутиньо, Невеш, Винагре, Хименес, Жота.
Иштирок эта олмайди: Поденс, Хонни.
«Севилья»
Дарҳақиқат, андалусияликлар Европа Лигасида ўзини анча яхши ҳис қилади. «Рома»га қарши учрашувдаги бир тарафлама футбол фақатгина римликларнинг яхши шаклланмаган ўйини натижаси эмасди. Футболда гигант клублар аутсайдерларга қарши ўйнаган тақдирда ҳам, қандайдир вазиятлар яратилади. «Жаллороссилар» эса ушбу учрашувни тўлиқлигича испан клубига бой беришди.
Юқорида бошлаган фикримизни давом эттирган ҳолда, Вацлик учун суперсейвлар амалиёти бўлмаганлигини таъкидлашимиз мумкин. Рақиб посбони Патрисиу эса камида 3 та вазиятда жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди. Томашни яхши даражадаги дарвозабон сифатида биламиз ва шундан келиб чиқиб, бугунги ўйинни дарвозабонлар ўртасидаги ажойиб кураш, деб аташимиз мумкин.
«Севилья» аламли тарзда ўзаро ўйинлар нисбатига кўра «Атлетико»га бронза медалларни бой берди. Улар севимли мусобақаларида ғалаба қозониш эвазига мухлисларнинг кўнглига таскин топишлари мумкин. Аммо энди Европа Лигаси аввалгидек эмас. Бугун уни ютишни кўпроқ жамоалар орзу қилади. Авваллари ушбу турнир чорак финали бу қадар катта номларга бой бўлмасди. Чорак финал ҳақида гап кетаётган экан, ушбу босқичда «Севилья» ҳеч қачон мағлуб бўлмаганлигини айтиб ўтишимиз керак. 5 карра чемпионлар бугун «Вулверхэмптон»га қарши оғир ўйин ўтказишади.
Тахминий таркиб: Вацлик, Навас, Диего Карлос, Кунде, Регилон, Фернандо, Жордан, Банега, Окампос, Мунир, Де Йонг.
Иштирок эта олмайди: Гудель.
Мураббийлар
Нуну Эшпириту Санту: «Бизнинг ўз принципларимиз бор. Улар ҳар бир жамоага нисбатан бирдек ҳурмат ва кучли тайёргарлик кўришни талаб этади. Биз «Севилья»га қарши ўйинда айнан мана шуларни биринчи планга қўямиз. Рақиб жуда кучли, ўз анъаналарига эга ва курашга доим тайёр. Футболчиларимда ўзига нисбатан юқори ишонч бор».
Хулен Лопетеги: «Барча англаб турганидек биз қийин рақиб қаршисидамиз. Биз ўзимиз ҳақимизда кўпроқ ўйлашимиз керак. Улар билан кечадиган баҳсда қандай қилиб ўзимизнинг кучли жиҳатларимиздан фойдаланишимиз ҳақида ўйлашимиз жоиз. Улар биз тўқнаш келадиган рақиблар орасида энг хавфлиларидан бири. Бу жуда қизиқ бўлади ва иккала жамоанинг услубидан келиб чиқадиган бўлсак, қизиқарли беллашув гувоҳига айланамиз».
Мураббийларнинг ўзи ҳам қизиқарли баҳс бўлишини айтиб ўтишмоқда. Испан ва инглиз жамоалари тўқнашуви доим қизиқарли кечиб келган. Бугунги учрашувда 3 тадан кўпроқ гол урилиши эҳтимоли катта. «Севилья»да кичик устунлик борлиги футбол жамоатчилиги томонидан таъкидланмоқда. Испан клуби, бизнингча ҳам доминант мақомида. Ҳар ҳолда, Испаниянинг 4-рақамли жамоаси Англиянинг 8-поғонадаги жамоасидан бироз устун бўлиши ҳам керак.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар