"Ювентус" Роналду сабабли мураккаб вазиятга тушиб қолди(ми)?!
2018 йилда Роналдунинг "Ювентус"га ўтиши жамоани янги даражага кўтарилишини таъминлаши кутилганди. Афсуски, барчаси бошқача бўлиб чиқди. Криш Турин клубини пастга тушиб кетишига туртки бўлган кучлардан бирига айланди. Яқин ўтмишда супер лойиҳа, деб баҳоланган "Ювентус" ҳозир жуда мураккаб аҳволда. Таркиб, натижа ва молиявий муаммолар "зебралар"ни қайтиб чиқиш имконсиз бўлган чуқурга тортиб кетмоқда...
1-хато
Айнан шу омил "Ювентус"нинг фаолиятидаги ортга ташлаган энг катта қадамга айланади, деб ким ўйлабди, дейсиз?!
Аввалига Андреа Аньеллининг 2019 йилда берган интервьюсидан парча келтирамиз: "Клубимиз футбол оламидаги энг катта бренд! Яна такрорлайман, биринчи рақамли бўлиш учун барча нарсага тайёрмиз!" Бу сўзлар Аньеллининг сўнгги бир ярим йил давомида амалга оширган ишларини изоҳлаб беради. Клуб 18 ой ичида жуда катта жанжал марказига тушиб қолди.
Биринчиси Суперлига! Флорентино Перес бошлаб берган ғояни биринчилардан бўлиб Андреа Аньелли қўллаб-қувватлади. Шу тариқа, у биринчи навбатда, футбол мухлисларига панд берди. Бу ҳам етмаганидек, энг яқин дўсти, ўз қизининг чўқинтирган отаси - Александр Чефериннинг "орқасидан пичоқ урди!" Инсайдерларнинг маълум қилишича, Андреа доимо нафақат Италия, балки жаҳон футболидаги энг кучли инсон бўлишни орзу қилган. Бунинг учун биринчи имконият пайдо бўлиши биланоқ, қаҳрамонимиз ундан фойдаланишга қарор қилди.
Аньеллининг клуби жуда катта рақамлар ёзилган чекни қўлга киритиши мумкин эди. Бу мақсад йўлида у "Ювентус" сингари деярли барча итальян клублари қарзга ботиб кетишига парво қилмади. Афсуски, бу пуллар чўнтакка келиб тушмади. Жамоанинг қарзи эса, янада катталашди.
Иккинчи муаммо - клуб президентларининг молиявий "ўйин"лари. Раҳбарият трансфер ва бошқа кўплаб пулли "ишлар" чоғида солиқларни айланиб ўтиш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганликда айбланмоқда. Италия прокуратураси шу иш юзисидан аллақачон клубнинг расмий офисида тинтувни амалга оширган.Сўнгги маълумотларга қараганда, "Юве" раҳбарлари бу орқали клубнинг 400 миллион евро қарзи бор эканлигини яширишга ҳаракат қилган.
2-хато. Бошқа грандлардан андоза олишга уриниш
Андреа Аньелли 2020/21 йилги мавсум аввалида ўтган йилги клубнинг кўрсатган натижаларидан қониқмаганини ошкора айтди. Ваҳоланки, Сарри "кекса сеньора"ни А Серия олтин медалларини қўлга киритишини таъминлаган, ички биринчиликда барча асосий рақиблар устидан ғалаба қозонганди. Катта эҳтимол билан, Сарри ЕЧЛни жуда эрта тарк этгани учун ишдан олинди. Ваҳоланки, Аньелли жамоанинг бутун бошли ўйин системасини бузиб ташлаганини сезмай қолди.
Маурицио Саррига қадар жамоа постини эгаллаб турган Аллегри гранд клуб яратиш учун керак бўлган барча ишни амалга оширди. Унинг ўз ўйин схемаси, стратегияси, ишлаш принципи бўлишига қарамай, Андреа Аньелли ЕЧЛ соврини йўлида Массимилиано Аллегридан воз кечди. Унинг даврида "Ювентус" яхлит бир механизмга айланиб бўлган эди. Ҳатто, Криштианунинг келиши ҳам бу механизмни "синдира олмади". Мураббий аввал бошидан Роналду трансферига қарши эканлигини маълум қилди ва охиригача ўз позициясида қолди.
Шунга қарамай, Макс Криштиануни биринчи планга олиб чиқди, аммо уни ўрнини ЕЧЛда ғалаба қозониш мақсадида эгаллаган Сарри бу ишни уддалай олмади. Маурициога суперюлдузлар билан ишлаш борасида тажриба йўқ эканлиги панд берди. Натижада, мураббий ва футболчи ўртасидаги жанжал юзага келди. Роналду бир неча маротаба Сарри узатган қўлни ҳавода қолдирди. Якунда, Аньелли Роналдуни олиб қолиб, мураббийга жавоб бериб юборди. Шуниси ҳисоб-китоб жиҳатидан клубга камроқ зарар келтиради, деб ҳисоблади, чоғи.
Уёғига, раҳбарият ҳали мураббий сифатида дебют қилмаган Андреа Пирлога имкон берди. Тан олиш лозим, Пирлонинг келиши ички низоларга барҳам берди. Етакчилар раҳбариятга эътироз билдирмай қўйди, Роналду хотиржам, ёшлар клубда қолишга қарор қилди. Афсуски, натижаларга келганда Андреа билдирилган ишончни оқлай олмади. "Ювентус"нинг чемпионлик серияси барҳам топгани-ку майли, жамоа ўзига ўхшамай қолди. Ўйин тезлиги тушиб кетди, барча фронтларда бирин-кетин аламли мағлубиятлар сони ортди. Натижада, клуб афсонасига ҳам чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилди.
3-хато - Одатлар
Кўпинча омадсизликлардан сўнг келадиган қайта қуриш жараёни чоғида Андреа Аньелли кутилмаган юришни амалга оширди. Ҳаммасини бошидан бошлаш ўрнига, Массимилиано Аллегри ортга қайтарилди. Қачонлардир олдига қўйилган минимал вазифани аъло даражада уддалаган мутахассис яна клубда иш бошлади.
Бугунги Турин суперклуби Сарри ёки Пирлоникидан кучлироқми? Катта эҳтимол билан йўқ. Роналду таркибда эмас, "Transfermarkt" эълон қилган энг қиммат футболчилар рўйхатининг кучли ўнлигида "Ювентус"нинг бирорта футболчисига жой топилмади. Бу ҳам етмаганидек, замонавий футболдаги янги трендлар асосида иш кўрувчи кучли мураббий ўрнини "эски мактаб"нинг сўнгги битирувчиларидан бири саналган Аллегри қутқариб қолишига ишониш қийин. Ҳозирда, "Ювентус" А Серияда 7-поғонада бормоқда. Бундан ташқари, жамоада бошқа муаммолар ҳам бор.
1. "Ювентус" жуда ҳам прагматик футбол намойиш этмоқда. Яратилаётган имкониятлар, ҳужумларнинг кескинлиги борасида муаммолар етарлича. Шунингдек, туринликлар прессинг борасида ҳам мақтана олмайди.
2. Олдинги чизиқда ўйинни ўзига олишга қодир ҳужумкор футболчи йўқ. Дибала аввалгидек ёрқин эмас, Роналду кетди, Кьеза ҳали ёш. Мората эса, кайфият футболчиси.
3. Аллегрининг жамоалари майдон марказидаги креатив плеймейкерсиз ўз ўйинини тўлиқ намойиш эта олмайди. Авваллари бу функцияни бажарган Пьянич энди таркибда эмас. Унинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган бошқа футболчи ҳам йўқ.
Энди нима бўлади?
Вазият ўнгланмаслиги мумкин. 1-2 йил ичида Аллегри яна ўз футболини жамоага сингдириши катта эҳтимол. Боз устига, ҳозирда клуб раҳбарлари прокуратура олиб бораётган тергов билан банд. Жамоада янги трансферлар учун пул йўқ.
"Мен таркибимизни суперюлдузлар билан тўлдиришга имконимиз йўқ, десам, сизларни ҳайрон қолдирган бўламан. Афсуски, ҳозир истакларимиз чегараланган. Коронавирус сабабли Италияда инқироз кузатилмоқда. Бу "Ювентус"ни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Шу боис, яқин йиллар ичида катта трансфер воқеалари ҳақидаги саволлар кун тартибидан олиб ташланади".
Бир қарашда, "Ювентус" ЕЧЛ гуруҳ босқичида биринчи ўринни "Челси"дан тортиб олди-ку, дейишингиз мумкин, аммо ички муммоллар секин-аста "зебралар"ни ортга тортиши аниқ. Андреа Аньеллининг сўнгги 5 йилдаги нотўғри қарорлари Италия футболи гегемони келажаги борасидаги саволларнинг ортиб кетишига сабаб бўлди.
Я . У
Фикрлар