«Ювентус» янги дарвозабон олади
«Ювентус» Камиль Грабарани захира дарвозабони сифатида олишни режалаштирмоқда, Маттиа Перин эса «Палермо»га ўтиши кутилмоқда.
Польша терма жамоаси дарвозабони Камиль Грабара яқин вақтларда Италия чемпионатига йўл олиши мумкин. Германиянинг «Вольфсбург» клуби билан шартнома асосида ўйнаётган 27 ёшли посбонга Туриннинг машҳур «Ювентус» жамоаси жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Футбол оламида ишончли манба сифатида танилган инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, Грабара «Ювентус» учун захира дарвозабони позициясида асосий номзод сифатида кўрилмоқда. Бу хабар, айниқса, туринликлар дарвозабони Маттиа Периннинг «Палермо» клубига ўтиши яқин қолгани ҳақидаги маълумотлар фонида пайдо бўлди.
Камиль Грабара «Вольфсбург» сафини 2024 йил ёзида тўлдирган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йил июн ойи охиригача мўлжалланган. Муттахассислар дарвозабоннинг трансфер қийматини тахминан 12 миллион евро атрофида баҳоламоқда.

Изоҳлар (0)