Россияда ўзбек футболчилари “синиб” қолмаяптими?!

Сўнгги йилларда ўзбек футболчиларининг Россия клубларида кўришимиз одатий ҳолатга айланди. Балки бунга Элдор Шомуродовнинг РПЛ орқали “кучли бешлик”ка йўл олгани туртки бўлгандир. Дарҳақиқат, “Шома” босиб ўтган йўл бир қарашда ёш футболчиларимиз учун орзуни ушалштириш йўлида тайёр “шпаргалка”дек кўринаётгани бор гап. Аслидачи? Россиядаги легионерларимизнинг ҳозирги ҳолати “кучли бешлик”даги бошқа клубларни қизиқишига етарли даражадами?

Рустам Ашурматов – 5 ўйин , 1 гол, 2 сариқ карточка.

Рустик2

Ўтган мавсум “Навбаҳор” сафида жуда ишончли ўйин кўрсатгач, терма жамоада ҳам муқим ўрин эгаллаган Рустам Сречко Катанецнинг радаридан йўқолиб қолганини сезган бўлсангиз керак. “Рубин” сафида деярли ўйин амалиётига эга бўлмаётган ҳамюртимизни “лочинлар” ортга қайтариши борасидаги миш-мишлар пайдо бўлгани бежиз эмас. Ашурматовларнинг кичиги ҳозир айни кучга тўлган даврини захирада ўтказиб юбориши ачинарли. Ваҳоланки, қаҳрамонимиз ўйин амалиёти нақдланган ва яхшироқ маош белгиланган “Навбаҳор”ни Россиянинг иккинчи даражадаги чемпионатига алмаштирган эди. Жамоасининг сўнгги 10 та ўйинининг 9 тасини захира ўриндиғида кузатиш Ашурматов даражасидаги ижрочига ярашмайди. Қайсидир маънода футболчини таркибда кўришни истаган мураббийни истеъфога чиқиши ҳам қаҳрамонимизни имкониятларини пасайтиргандир.

Ҳусаин Норчаев - 9 ўйин, 0 гол.

Норчаев

Сўнгги 3 йил ичида Ўзбекистон футболида янги юлдуз етишиб чиқаётгани ҳақида фикр билдиришга бизни мажбур қилган Ҳусаин Норчаевнинг ҳам “Алания”да ишлари ҳавас қиладиган даражада эмас. Терма жамоада дебют голини киритган, олимпия термасининг асосий страйкери бўлган Норчаев Владикавказда ҳали “почин” очгани йўқ. Янги клуби сафида ҳали бирорта ўйинни тўлиқ 90 дақиқа ўтказмаган форвард дебют голини киритишга улгурмади. Ўйин амалиёти борасида ҳам қаҳрамонимиз мақтана олмайди. 9 баҳсда умумий ҳисобда Ҳусаинга бор-йўғи 365 дақиқа имконият берилган, холос. Бу 4 та тўлиқ ўйин вақти дегани. “Фенербахче” ва кўплаб Европа клубларидан таклифларга эга эканлиги айтилган Норчаевнинг Россия биринчи лигасида ҳам ўз ўрнини топа олмаётганини ташқаридан томоша қилиш жуда ачинарли…

Ҳожимат Эркинов - 20 ўйин, 0 гол, 1 ассист.

Эркинов

Москванинг “Торпедо” жамоаси элитага қайтгач, биринчилардан бўлиб Ҳожимат Эркинов билан шартнома тузган эди. Ўшанда кўпчилик Эркинов ўзининг энг "пик" формасида хорижга йўл олганидан хурсанд бўлгани аниқ, аммо… Якунда, ҳеч қандай хурсанд қиладиган бошқа воқеа Эркинов билан содир бўлмади. U-23 жамоамиз сафида Осиё чемпионатини “ёндирган” йигитни РПЛда бу қадар йўқ бўлиб кетишини кўпчилик тасаввур қилмагани аниқ. Натижада, Эркинов терма жамоада асосий таркибдаги ўрнини ҳам бой бериб қўйди. Соддароқ қилиб айтсак, РПЛдаги мавсум Эркинов учун кутилганидек карьерасида олдинга ташланган қадам бўлгани йўқ. Қаҳрамонимиз ортга қайтди ва мавсумни қолган қисмини “Пахтакор”да ўтказади.

Умарали Раҳмоналиев - 4 ўйин, 0 гол, 0 ассист.

Умар али

Амалдаги Осиё чемпиони саналган Ўзбекистон U-20 жамоаси сардори Умарали Раҳмоналиевнинг ҳам “Рубин”даги ишлари кутилганидек зўр кетмаяпти. Осиё чемпионати ва ЖЧ сабабли легионеримиз кўплаб ўйинларни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шу сабабли, ҳали янги жамоасига тўлиқ мослашишга улгурмагани аниқ. Юқорида номи зикр қилинган ҳамюртларимиздан фарқли ўлароқ, Умаралида жамоасининг асосий фигураси бўлиш имконияти яхшироқ. Раҳмоналиев ҳали ёш ва кичик мундиалда ўзини кўрсатишга муваффақ бўлди. Қозон клуби уни келажакда катта даромад келтириши мумкин бўлган актив сифатида олдинга суришини эҳтимоли юқори. Бунинг учун кейинги мавсумда ўзини яхшироқ кўрсатиш талаб этилади.

Иброҳимҳалил Йўлдошев - 30 ўйин, 2 гол, 0 ассист.

Юлдошев

Қанот ҳимоячимиз Россияда анча-мунча ўзини “тиклаб” олганлардан. Жамоаси сафида асосий таркиб футболчига айланган қаҳрамонимиз ўзининг меҳнаткашлиги ва кескинликдан қочмаслиги билан ном қозонишга улгурди. Мураббийлар ва ишқибозлар меҳрини қозонган Иброҳимҳалил терма жамоада деярли иккинчи планга ўтиб қолгани бор гап. Балки Катанец ўйин услубига “риск”ка камроқ борадиган қанот ҳимоячилари кўпроқ мос тушар. Билмадим. Шунга қарамай, Йўлдошевнинг “Нижний Новгород” сафидаги ишончли ўйини юқоридаги номлар фонида кўнгилга анчагина тасалли бериши аниқ.

P.s. Агар мундай олиб қаралса, сўнгги 3 йил ичида Россия клубларига кўчиб ўтган футболчиларимизни ҳеч бирида “кучли бешлик”ка йўл очилмаганини сезиш мумкин. Балки бугунги футболимизнинг асл даражаси шудир. Балки РПЛ ёки ФНЛ биз кутгандек легионерларимизни кашф этишга қурби етмас. Билмадим. Шуниси аниқки, бугун номи келтирилган футболчиларнинг барчаси Ўзбекистонда ички биринчилик савиясидан баландроқ ўйин кўрсатишга муваффақ бўлган, камида Европанинг 10 та энг яхши чемпионатидан бирида тўп тепишга қодирдек таассурот қолдирган эди. Токи “кучли бешлик”ка бошқа "маршрут" орқали йўл очмас эканмиз, ёш иқтидорларимизни кутган лигаларимизда кўрмаслигимиз ҳақиқатга яқиндек туюлмоқда.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Xòja Botir
17/07/2023 18:21
Butun boşli millat sinib yotibdiku rossiyada....futbolçilar sinsa nima bòpti
Норов Абдужалил
17/07/2023 12:51
Белоруссия чемпионати яхши трампилин булса керак.