“Барса” Родри трансферини қачон ёпади?
Испаниянинг амалдаги чемпиони “Барселона” клуби раҳбарияти “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Родрининг трансфери яқин икки кунда якунлашига ишонмоқда.
Бу ҳақда Sport.es журналисти Карлос Монфорт Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.
Таъкидланишича, клублар ўртасида бир қатор телефон мулоқотлари бўлиб ўтган, шунингдек, сўнгги бир сутка давомида фаол музокаралар олиб борилган. “Кўк-анорранглилар” 2026 йилги жаҳон чемпиони трансфери учун 65-70 миллион евро ва бонуслар тўлайди.
Родри 2019 йил ёзидан бери “Манчестер Сити” сафида тўп тепмоқда. Ўтган мавсумда ярим ҳимоячи барча мусобақаларда 33 та ўйин ўтказиб, иккита гол урди.
Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг трансфер қиймати 55 миллион еврони ташкил этади.

Fikrlar