Superligada sensatsiya ko‘ramizmi?
Бугун Суперлигада 7-турга старт берилади. 14 апрелга қадар давом этадиган ўйинларни асло ўтказиб юборманг. Шиддат ва интрига ортиб бормоқда.
12 апрель
16:00. “Навбаҳор” – “Сурхон”
Қизиқарли ўйин бўлади. “Сурхон”га Анвар Ғофуров бош мураббий этиб тайинлангач, ҳали ютқазгани йўқ. 2 ғалаба ва 1 дуранг. “Навбаҳор” ўтган турда Андижонда водий дербисида ғалаба қозониб янада руҳланган. Иккала жамоа очиқроқ ва ҳужумкор ўйин кўрсатиши тайин. Гарчи номинал мезбон сифатида “Навбаҳор”да имконият кўпроқ бўлса-да, “Сурхон” ҳам ҳурматга сазовор жамоалигини кўрсатмоқда.
17:00. “Динамо” – “Локомотив”
Турнинг яна бир қизиқарли тўқнашувларидан бири Самарқандда ўтади. Унда Вадим Абрамов бошчилигидаги “Динамо” Мирко Еличич устозлик қилаётган “Локомотив”ни қабул қилади. Иккала жамоа ҳам тўп билан муомала қилишни ва ўйинни ўз назоратига олишни ёқтиришади. “Динамо” ҳозирча ўзидан кутилган натижани кўрсата олмаяпти. Бўлажак ўйинда эса имкониятлар мутлақо тенг.
18:15. “Андижон” – ОКМК
Самвел Бабаян ва Миржалол Қосимов жамоалари ўртасидаги учрашув ҳам марказий баҳслар қаторида. Уларнинг жамоалари ҳозирча мухлисларини ижобий натижалар билан хурсанд қила олмаяпти. Айниқса, олмалиқликларнинг 14-ўринда бораётгани ажабланарли. Ғалаба иккала жамоага сув ва ҳаводек зарур.
13 апрель
18:00. “Насаф” – “Бухоро”
Ўтган турда ҳакамларнинг қўпол хатоси сабаб ғалабадан маҳмур этилган “Насаф”ни бу сафар “Бухоро”га қарши баҳс кутяпти. Қизиғи, ўйин Бухорода ўтади ва унда “Насаф” номинал мезбон мақомида бўлади. Демакки, “Бухоро” ўз уйида “меҳмон” ролида. Бу ростдан қизиқ-а? Хомяков жамоасида ўз уйида яна бир имконият десак муболаға бўлмайди.
19:00. “Пахтакор” – “Машъал”
Чемпионат аутсайдери бўлиб қолган “Машъал”нинг тақвими ҳам жуда ноқулай-да. Кетма-кет кучли клубларга қарши ўйнашига тўғри келаётган ва ютқазиб келаётган “Машъал” навбатдаги турни Тошкентда “Пахтакор”га қарши ўтказади. Албатта, деярли барча “Шерлар”нинг ғалабасини кутмоқда. “Машъал” 6 та ўйинни барчасида мағлубиятга учради. Ёки муборакликлар бу сафар сенсация кўрсата оладими?
20:15. “Қизилқум” – “Сўғдиёна”
Ҳозирча Улуғбек Бақоев “Сўғдиёна” бошқарувига қайтгач, ҳали ғалаба қозона олганича йўқ. Жиззахликлар 15-ўринда ва қизиғи, улар ҳам ҳали ғалаба нималигини билмай келишяпти. 3 та турдан бери фақат ютқазиб келаётган “Қизилқум” ҳам худди рақиби сингари “оч бўри” каби. Бу ўйин ҳам кўришга арзийди ва бунинг учун етарлича сабаблар бор.
14 апрель.
“Хоразм” – “Қўқон-1912”
“Хоразм” кўрсатаётган ўйин кўпчиликка манзур бўлаётгани ҳақида эшитяпмиз. Ўтган турда қўқонликлар ҳам “Насаф”га қарши яхши ўйин намойиш қилишди. “Хоразм” ўз уйида устунликка эга бўлиши кутилмоқда ва улар бу имкониятдан фойдаланиши мумкин. Қўқонликларга барқарорлик етишмаяпти. Аммо улар учун ҳам бу ютса бўладиган ўйин.
20:15. “Бунёдкор” – “Нефтчи”
Турнинг сўнгги беллашуви Тошкентда “Бунёдкор” ҳамда “Нефтчи” жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Иккала клуб ўртасидаги очколар фарқи фақат 2 тани ташкил қиляпти холос. Молиявий қийинчиликларга ҳам дуч келинаётгани айтилаётган “Бунёдкор” ўзининг характери, иродасини кўрсатиб келяпти. “Нефтчи”га қарши ўйинда ҳам Илёс Зейтуллаев шогирдларини етарлича руҳлантира олишига ишонса бўлади. “Нефтчи” ўтган турда илк мағлубиятини қабул қилди. Одатда, “Бунёдкор” ва “Нефтчи” ўртасидаги ўйинлар жуда қизиқарли тарзда ўтиб келади ва бу сафаргиси ҳам бундан мустасно бўлмайди.
Fikrlar