Бу трансферларнинг бари Ҳусанов фойдасига!

  • 23 августа, 04:41
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

“Манчестер Сити”нинг трансфер сиёсати авжига чиқди. Бош мураббий Хосеп Гвардиола бир неча бор таркибни қисқартириш лозимлигини таъкидлаганидан кейин клуб раҳбарияти бир неча ўйинчиларнинг чиқиш трансферлари бўйича иш бошлади.

Tecno

Клуб раҳбарияти ўтган мавсумнинг биринчи ярмида юз берган инқироздан кейин жамоа таркибини ёшартириш ва ўзгартиришга қарор қилган эди. Амалий ҳаракатлар шу йилнинг бошида қишки трансферлар даврида жамоага Абдуқодир Ҳусановни олиб келиш билан бошланди.

Охирги иккита трансфер ойнаси давомида клуб Ҳусановдан ташқари Витор Рейс, Умар Мармуш, Нико Гонсалес, Маркус Беттинелли, Тижани Рейндерс, Райан Айт-Нури, Райан Шерки, Сверре Нюпан, Жеймс Траффорд каби истеъдодли чарм тўп усталарини харид қилди.

Экспертларнинг таъкидлашича, “Манчестер Сити”да ҳимоянинг марказида бир неча юқори малакали ва кучли футболчилар тўпланиб қолди. Одатда, замонавий футболда ҳимоя марказида ўйнаётган ўйинчилар заруратсиз деярли алмаштирилмайди.

Янги мавсум аввалида Хосеп Гвардиола қўл остида марказий ҳимоянинг иккита нуқтасида ўйнаш учун бир неча даъвогар, хусусан, Йошко Гвардиол, Рубен Диаш, Жон Стоунз, Мануэль Аканжи, Натан Аке, Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс  бор эди. Энди мураббийлар штаби уларнинг айримларидан кетма-кет қутила бошлади.

Биринчи бўлиб Витор Рейс Испания чемпионатида иштирок этаётган “Жирона”га бир мавсумга ижарага жўнатилди.

Айни пайтда “шаҳарликлар” яна бир неча марказий ҳимоячи бўйича харидор клублар билан музокара ўтказмоқда. Sports.uz портали ана шу жараён ҳақидаги маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.

“Манчестер Сити” харидор билан келишиб бўлди

“Манчестер Сити”нинг тажрибали ҳимоячиси Мануэль Аканжи фаолиятини тобора ривожланиб бораётган Туркия чемпионатида давом эттириши кутилмоқда.

Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг маълум қилишича, Туркиянинг амалдаги чемпиони “Галатасарой” таркибини швейцариялик ҳимоячи ёрдамида кучайтирмоқчи.

Истанбулликлар “Манчестер Сити” билан келишувни ёпиш арафасида турибди. Турклар бу трансфер учун 15 миллион фунт стерлинг таклиф қиляпти.

Сўнгги маълумотларга қараганда, “Галатасарой” мутасаддилари энди Мануэль Аканжининг ўзи билан шахсий шартнома бўйича музокарага киришган.

30 ёшли Мануэль Аканжи  уч йилдан бери Манчестер шаҳри жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бу давр ичида марказий ҳимоячи 136 та учрашувда қатнашиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари бешта гол ва учта ассист ҳам қайд этди.

Натан Акега ҳам жиддий харидор чиқди

Англия Премьер-лигаси вакили “Эвертон” раҳбарияти “Манчестер Сити”га яна ҳамкорлик бўйича мурожаат қиладиган бўлди. Маълумки, мерсисайдликлар яқинда Жек Грилишни бир мавсумга ижарага олган эди.

Энди бу жамоа бош мураббийи Дэвид Мойес ҳимоя чизиғини кучайтириш учун “шаҳарликлар”нинг нидерландиялик легионери Натан Акени олишни мўлжаллаяпти.

“Эвертон”нинг маҳоратли ҳимоячиси Жаррад Брэнтуэйт мавсум бошидаёқ жиддий жароҳат олди ва камида икки ой майдонга қайтолмайди. Яна бир ҳимоячи Виталий Миколенко ўртоқлик учрашувида шикастланган ва у ҳам жамоага ёрдам бера олмаяпти. “Ирислар” имкон қадар тезроқ бу футболчиларга ўринбосар топиши керак.  

Ана шу мақсадда “Эвертон” вакиллари Натан Аке бўйича музокарага киришди. Экспертлар икки клуб ўртасида дўстона алоқалар борлиги туфайли ҳам мерсисайдликлар 30 ёшли футболчини ҳеч бўлмаганда ижарага олиши осон кечишини таъкидлаяпти.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, айрим марказий ҳимоячиларнинг кетиши қолганларига кўпроқ ўйин амалиёти берилишига сабаб бўлади. Бу вазиятда Абдуқодир Ҳусанов ортиқча рақобатдан қутилиши мумкин.

Агар Натан Аке ва Мануэль Аканжи клубни тарк этса, Гвардиола қўл остида тўрт марказий ҳимоячи – Абдуқодир Ҳусанов, Йошко Гвардиол, Рубен Диаш ва Жон Стоунз қолади. “Манчестер Сити” янги мавсумда ҳам бир неча мусобақа, хусусан, Англия Премьер-лигаси, Европа Чемпионлар лигаси ва мамлакатнинг турли кубоклар учун турнирларида қатнашишини инобатга олсак, уларнинг ҳар бирига етарли даражада ўйин вақти тақдим қилинишига имкон пайдо бўлади.

Гвардиола Ҳусанов ва бошқа шогирдларини хурсанд қилди

Тезкор: Файзуллаевдан хушхабар!
Ҳусанов, ўйнашни шу юлдузлардан ўрган! Дунёнинг энг зўр марказий ҳимоячиси аниқланди
Қоч, Файзуллаев келяпти!

Ҳусанов “бойваччалар” қаторига қўшилди

Ҳусанов ўйнаган учрашувда Гвардиола нималар ёқмаганини айтди!

Ҳусанов бўйича Гвардиола янги режа тузиб қўйди

 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию