Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати финалидаги жанжал юзасидан Спорт вазирлигининг баёноти

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг финал учрашувида “Пахтакор” ҳамда АГМК жамоалари аъзолари ўртасида келиб чиққан жанжал кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

АГМК - "Пахтакор" ўртасидаги финалда бўлган жанжал ҳақида - Диёр Имомхўжаев

Маълумки, “Пахтакор” клуби жорий мавсум катта футболда барча совринларни қўлга киритди. Ўз навбатида жамоа футзалчилари ҳам уларга ҳамоҳанг тарзда футзал бўйича мамлакат чемпионатида ғолибликни тантана қилишни мақсад қилишган эди. Бироқ, бу йўлда уларга АГМК футзалчилари қаршилигини енголмади.

Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати регламентига кўра, финалда биринчи бўлиб учта ғалабага эришган жамоа олтин медалларга эга чиқарди. Дастлабки икки ўйинда АГМК жамоасининг қўли баланд келганди. 17 декабрь санасига белгиланган баҳсда қозонилажак ютуқ олмалиқлик футзалчиларни кетма-кет бешинчи чемпионлик сари етакласа, “Пахтакор” учун бу ўйин вазиятни ўнглаш йўлидаги сўнгги имконият эди. Шу сабабли ўйин анча асабий руҳда кечди ва якунда футзалчилар ўз эҳтиросларини жиловлай олишмади.

Албатта, бу каби ҳолатлар ўзбек спортига асло ярашмайди ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси назорат-тафтиш қўмитаси томонидан суриштирув ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Тез кунларда мазкур ҳолат юзасидан якуний қарор қабул қилинади ва айбдорларга тегишли жазо чоралари тайинланади, - дейилган Спорт вазирлиги расмий сайтида.

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию