Меноркада ғалати ҳолат: Абсаттарнинг натижаси нега ҳисобланмади?

Испаниянинг Менорка оролида ўтган нуфузли шахмат мусобақасида баҳсли ҳолат юзага келди. Аргентина вундеркинди Фаустино Оро 9 турдан кейин 6 очко тўплади, аммо ҳатто максимал 9 очко олганида ҳам гроссмейстерлик нормасини бажара олмасди. Сабаб — у турнир давомида бирорта ҳам гроссмейстерга қарши дона сурмади.

Оронинг ўзи бу ҳолатга хотиржам муносабат билдирди:

"Мен фақат шахмат ўйнашга ҳаракат қиламан ва бошқа нарсалар ҳақида ўйламайман. Агар яхши ўйнасам, гроссмейстер унвони ўзи келади".

Бироқ мусобақанинг ҳал қилувчи палласида энг катта муҳокама 9-тур атрофида юзага келди. Илк хабарларда Оро 9-турда қозоғистонлик иқтидорли шахматчи Алишер Абсаттарга "кескин партияда ютқазгани" айтилди. Аслида эса бу учрашув умуман бўлиб ўтмаган.

Маълум қилинишича, Фаустино Оро ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли партияга келмаган. Қоидаларга кўра бу техник мағлубият сифатида қайд этилди, аммо ўйин амалга ошмагани учун рейтинг ҳисоб-китобига киритилмади.

Энг қизиқ жиҳати шундаки, 2012 йилда туғилган ва 2185 рейтингга эга Алишер Абсаттарнинг ўзи ҳам гроссмейстерлик учун курашаётган эди. "Chess-Results" маълумотларига кўра, у мусобақани 7 очко билан 5-ўринда якунлаб, 2655 перформанс қайд этган. 8-турда хитойлик IM, 9-турда эса Фаустино Оро партияга келмагани сабабли қозоғистонлик шахматчи кетма-кет икки техник ғалабага эга бўлди.

ФИДЕ қоидаларида швейцар тизимидаги турнирлардаги айрим ҳолатларда 8 та ўйин орқали норма ҳисобланиши мумкин. Бу, одатда, рақибнинг атайлаб келмай қолиши орқали босим ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш учун жорий қилинган.

Аммо Абсаттар ҳолатида муаммо шундаки, у икки марта техник ғалабага эришди. Натижада унинг амалда ўйнаган партиялари 7 та бўлиб қолди. Мавжуд қоидаларга кўра эса 7 та партия орқали гроссмейстерлик нормасини тасдиқлаш деярли имконсиз.

Шу боис Меноркадаги бу вазият шахмат жамоатчилигида катта шубҳа уйғотмоқда. Расман бу ҳолат тасодиф ёки Оронинг соғлиғи билан изоҳланиши мумкин. Бироқ ташқи томондан қаралганда, рейтингидан анча кучли ўйин намойиш этаётган Алишер Абсаттарга қарши икки рақибнинг кетма-кет келмай қолиши жуда ғалати кўринмоқда.

Энг ачинарлиси, бу ҳолатда энг катта жабрни айнан қозоғистонлик ёш истеъдод чекди — у ажойиб ўйинига қарамай, эҳтимолий гроссмейстерлик нормасидан қуруқ қолди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!