Бугун “Насаф” ўринбосарлари “Истиқлол”га қарши тўқнаш келади

4 июнь, 14:14 192

Бугун “Насаф” ўринбосарлари “Истиқлол”га қарши тўқнаш келади

 

Бугун, 4 июн куни Ўзбекистон биринчилигининг навбатдаги 13-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Бу турда Нурали Султонов бошчилигидаги “Насаф-2” жамоаси ўз майдонида Фарғонанинг  “Истиқлол” жамоаси билан баҳс олиб боради.

Ушбу учрашувни тошкентлик ҳакам Анотолий Рубаков бошқаради. Унга қанотларда хоразмлик ҳакамлар Хушнудбек Атамуратов ва Дилшодбек Жуманиёзовлар ёрдам беришади. Учрашувга захира ҳаками этиб, Жасур Бўриев  тайинланган.

“Насаф-2” жамоаси бу йилги биринчиликда   11 та учрашув ўтказди. Уларнинг 3 тасида ғалаба, 1 учрашувда дуранг ва 7 учрашувда мағлубиятга учраган. Рақиблар дарвозасига 11 та гол киритиб, ўз дарвозаларидан 18 та тўп олиб чиққан. Тўплаган очколари сони 10 тага тенг. Турнир жадвалининг 15-поғонасида боришмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги турларда жамоа тўлиқ таркибда майдонга туша олмади. Жамоага кўпгина ўйинчилари ёрдам бера олишмади. Бунга асосий сабаблардан бири, жамоанинг бир қанча ўйинчилари Жиззахда бўлиб ўтган “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларининг финал босқичида вилоятимиз терма жамоаси шарафини ҳимоя қилишди.

Фарғонанинг “Истиқлол” жамоаси эса 23 очко тўплаб, турнир жадвалининг 4-поғонасини эгаллаб турибди. Бундан уларнинг биринчиликда қандай иштирок этаётганидан далолат бериб турибди. Шундай экан, бугун мухлислар муросасиз курашларга бой учрашувга гувоҳ бўлишлари турган гап.

Учрашув ҳар доимгидек “Насаф” футбол мактабининг сунъий қопламали майдонида бўлиб ўтади ва 17:30да бошланади.