Енгилмас Қудратилло “Механик”дан чемпионлик камарини ҳимоя қилади

6 июнь, 11:26 1570

Енгилмас Қудратилло “Механик”дан чемпионлик камарини ҳимоя қилади

 

 

Профессионал бокснинг WBC Silver – кумуш камари соҳиби Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг (11-0-0, 8 КО) навбатдаги жанг санаси ва рақиби эълон қилинди.

Енгилмас боксчимиз ўзининг чемпионлик камарини 10 июль куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказиладиган профессионал бокс кечасида "Механик" лақабли мезбон боксчи Дмитрий Михайленкога қарши жангда ҳимоя қилиши лозим.

Аслида WBC Silver камари Дмитрий Михайленкога (22-1-0, 10 КО) тегишли бўлган, бироқ россиялик боксчи 2016 йили зимбабвелик Чарльз Манючига қарши жангда унвонини бой берди. Михайленко кейинчалик колумбиялик Брейдис Прескоттни нокаутга учратиб, қўлдан чиқарган совринига расмий даъвогар мақомини олди.

Бу орада Чарльз Манючи 25 март куни Сингапурда ўтказилган жангда ҳамюртимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоровдан биринчи раундда нокаутга учраб, WBC Silver камарини ўзбек боксчисига топширди.

Мазкур ғалабадан сўнг жаҳон рейтингида энг кучли боксчилар қаторига қўшилган Қудратилло Абдуқаҳҳоров уч ой ичида совринини ҳимоя қилиши лозим бўлди. Ўзбекистонлик нокаутчи бўлажак беллашувга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида айни пайтда АҚШда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

SPORTS.uz