Ҳасанбой Дўсматовдан тарихий натижа кутяпмиз

  • 8 апрель, 2017, 21:20
  • 0
  • Бокс
 

 

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учун жорий мавсум ўта масъулиятли даврдир. Чунки ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари 30 апрель - 7 май кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатида иштирок этади.

Пойтахтимиздаги қитъа чемпионатининг аҳамияти шундаки, бу мусобақа бокс оламининг энг нуфузли анжумани - жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи саралаш босқичи вазифасини ўтайди. Яъни, 2017 йилнинг 25 август — 3 сентябрь кунлари Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатида қатнашадиган Осиёнинг энг кучли боксчилари Тошкентда аниқланади.

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари бўлажак мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилиши режалаштирилаётган боксчилардан бир гуруҳини Таиланддаги "Қирол кубоги-2017" халқаро турнирида синаб кўрди.

Ўзбекистоннинг энг зўр боксчилари Қирол кубоги учун курашга киришмоқда

Аслида боксчиларимизнинг бу турнирда иштирок этишидан асосий мақсади олтин медалларни қўлга киритиш эмас, балки тайёргарликни ошириш, рақибларни ўрганишдан иборат бўлди.

Шундай бўлса-да, турнирда қатнашган етти боксчимизнинг барчаси шоҳсупадан жой олди. Олимпиада чемпиони Шаҳобиддин Зоиров, Олимпия ўйинлари совриндори Муроджон Аҳмадалиев ва жаҳон чемпионати совриндори Жасурбек Латипов ярим финалда тўхтади. Бу ҳам кўпроқ мураббийларнинг тактик қарорига ўхшайди. Чунки ҳар учала боксчимиз реал олиб қаралганда рақибларидан ҳар томонлама кучли ва ютиш керак бўлган вазиятда ўша рақобатчиларини "ер тишлатишига" ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Исроилнинг рақиби жигардан "еди" (видео)

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ва Рио Олимпиадаси кумуш медали соҳиби Шаҳрам Ғиёсовни финал жангига чиқармади. Чунки бу икки боксчининг нималарга қодирлигини ҳамма билади ва бу вазиятда асосий мақсад уларнинг кутилмаган жароҳатлардан асраш эди. Сир эмаски, Ҳасанбой ҳам, Шаҳрам ҳам Осиё чемпионатида қатнашиб, жаҳон чемпионатига йўлланма олиш йўлида энг ишонган боксчиларимиздир.

Ҳасанбой Дўсматов ва яна уч боксчимиз финалда!

Германиядаги жаҳон чемпионати, айниқса, Ҳасанбой учун ўта муҳим. Ҳаваскорлар боксида ҳар бир чарм қўлқоп устаси учта мусобақа - Олимпия ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионати олтин медалларини олишни орзу қилади. Ҳасанбойда эса ҳозирча жаҳон чемпиони, деган унвон йўқ. Агар шу йили Дўсматов Германияда ғолиб бўлса, ўзбек бокс юлдузи Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг тарихий натижасини такрорлайди.

Ҳасанбой ярим финалда қудратини кўрсатди (видео)

Демак, Ҳасанбой Дўсматовнинг олдига қўйилган бош вазифа "Қирол кубоги - 2017"да ғолиб чиқиш эмас, балки Германиядаги жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишдан иборат.

Ўз ўрнида "Элнур Абдураимов ва Исроил Мадримов нега финалга қўйилди?" деган савол туғилиши табиий.

Тезкор хабар: Ҳасанбой ва Шаҳрам финал жангига чиқмайдиган бўлди!

SPORTS.uz ахборот портали мухбирига маълум бўлишича, Элнурнинг финалдаги рақиби Вуттичаи Масук Осиё чемпионатида қатнашиш учун Тошкентга келади ва мураббийлар Абдураимовга финалда рақибини ўрганишни асосий вазифа қилиб қўйган.

Ўз навбатида Исроил Мадримов билан финалда рингга чиққан кубалик Ослей Иглесиас Эстрада Германиядаги жаҳон чемпионатида ҳам ҳамюртимизга рўбарў келиши мумкин. Исроил ҳал қилувчи жангда рақибни ўрганиш баробарида унинг руҳий устунликка эришишига йўл қўймади ва зарбалар "ёмғири" билан кубалик боксчининг "ўрнини" кўрсатиб қўйди.

“Қирол кубоги-2017”да Исроил Мадримов олтин , Элнур Абдураимов кумуш медалини қўлга киритди

Хулоса ўрнида, Таиланддаги турнир Ўзбекистон терма жамоаси боксчилари учун Осиё чемпионатига ўзига хос тайёргарлик босқичи вазифасини ўтагани таъкидлаш лозим. Етакчи боксчиларимиз зиммасига юкланган асосий вазифа эса Тошкентдаги Осиё чемпионатида мухлисларни хушнуд этиб, жаҳон чемпионатига йўлланма олиш ва Германияда ўзбек бокс мактаби қудратини намойиш этишдан иборат.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!