Жасур Абдураимов: Ёш футболчилар дебюти ва ғалабадан хурсандман

28 апрель, 22:16 365

Жасур Абдураимов: Ёш футболчилар дебюти ва ғалабадан хурсандман

 

Олий Лига 8-туридан ўрин олган “Пахтакор” – “Навбаҳор” (1:0) ўйинидан кейин тошкентликлар бош мураббийи матбуот анжуманида қатнашди ва ўйин борасида ўз фикрларини билдирди.

“Биринчи навбатда стадионга келган ишқибозларни табриклашни хоҳлайман. Ўйинчилардан миннатдорман, улар бугун ғалаба учун 150 фоиз имкониятларини ишга солишди. Учрашувга қўйган вазифани бажардик – ғалаба қозондик. “Пахтакор” ўзбек футболининг байроқдор жамоаси саналади.

Йигитлар ўзларига ишончни ҳис қилишди. Бу ҳолат давом этади деб умид қиламан. Бугун ёш дарвозабон Шоҳрух Раимов учун жуда хурсанд бўлдим. У Олий лигада дебют қилди ва беллашувни хатосиз ўтказди. Қийин беллашувда савиясини кўрсатди. Ёш ўйинчиларга ишонишда давом этамиз. Мослашиш учун уларга вақт керак, аммо катталар футболига кўника олишади деб ўйлайман.

Хушнуд Авилов ҳам жуда яхши ўйин намойиш қилди. У каби ўйинчилар футболимиз келажагидир. Баъзи жароҳатланган футболчилар тикланиб бўлгандан кейин жамоага ёрдам беришади. Ҳали ҳаммаси олдинда ва “Пахтакор” фаол курашда”, – деди Абдураимов.