Лаллана тез кунларда 36 миллион евролик шартномани имзолайди

Англиянинг “Ливерпуль” клуби етакчиларидан бири Адам Лаллана тез кунларда мерсисайдликлар билан амалдаги шартномасини узайтиради. 28 ёшли англиялик футболчи янги шартномага кўра ҳафтасига 175 минг евро маош олади. The Sun нашри тарқатган маълумотга кўра шартноманинг умумий қиймати 36 миллион еврони ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Лаллананинг “қизиллар” билан амалдаги шартномаси 2019 йилга қадар имзоланган эди. Бироқ, мерсисайдликлар ўзининг етакчи футболчиси билан ҳамкорликни янада узайтиришга қарор қилишди. Янги келишувга кўра Адам 2021 йилгача “Ливерпуль” шарафини ҳимоя қилади.

Маълумот учун, Лаллана ушбу мавсум премьер-лиганинг 23та учрашувида иштирок этиб, ўз ҳисобига 7та гол ҳамда 7та голли узатма ёздириб қўйишга эришган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!