“МЮ”нинг бугунги рақиби ўзимизнинг “Локомотив”га ўхшайди?
Бугун “Манчестер Юнайтед” жамоаси Европа лигаси 1/8 финали доирасида “Ростов”га қарши баҳс олиб боради. Хўш, “қизил иблислар”нинг бугунги рақиби ҳақида биз нималарни биламиз? Қуйида шу тўғрисида ўқийсиз.
Ташкил топган йили: 1930
Лақаби: сариқ-кўклар
Соврини: Россия кубоги 2014
- “Барселона” дарвозасини ЕЧЛда “илма-тешик” қилган жамоалар
- “Барселона” – “ПСЖ ” учрашувига оид 12 та факт
62 йил қуйи лигада ўйнаган жамоа
“Ростов” 1930 йилда ташкил этилган бўлсада, СССР олий дивизионида бирор марта ўйнамаган. Фақатгина, 1992 йилга келибгина донликлар Россия чемпионатида иштирок эта бошлашган. Умуман Россия Премьер лигасида “Ростов” одатда ўртамиёна жамоа сифатида иштирок этиб келар эди.
Афсонавий Понедельник
“Ростов” тарихидаги энг машхур футболчи бу шубҳасиз – Виктор Понедельникдир. 1960 йилда бўлиб ўтган Европа чемпионати финали қаҳрамони бу шаҳарда жуда қадрланади ва унинг номидаги футбол мактаби ва олимпия заҳиралари спорт мактаби мавжуддир. Бундан икки йил илгари эса “Ростов” уй ўйинларини ўтказиб келадиган “Олимп-2” стадионида Понедельникка аталган ҳайкал ўрнатилган эди.
“СКА” билан дерби
Понедельник нафақат “Ростов”да балки, Иттифоқ даврида машхур бўлган шаҳарнинг бошқа бир жамоаси – “СКА” таркибида ҳам тўп сурган. Мазкур жамоалар ўртасидаги дербилар бўлмай қўйганига эса анча бўлди. Боиси, “Ростов” Премьер лигада ўйнаётган бўлса, 1981 йилги СССР кубоги соҳиби бўлган “СКА” қуйи лигаларда “изғиб юрибди”.
Завод жамоаси
Узоқ йиллар жамоага қишлоқ хўжалигига мослашган техникалар ишлаб чиқарувчи завод хомийлик қилиб келган ва жамоа номи ҳам айнан ўша завод номи билан юритиб келинган – “Ростсельмаш”. 2003 йилдан э`тиборан эса завод таркибидан ажралиб чиққан жамоанинг номи ҳам “Ростов”га ўзгаради.
Янги арена
Жамоа ўз уй учрашувларини 1930 йилда қурилган “Олимп-2” стадионида ўтказиб келади. 2018 йилги мундиал ўйинларини қабул қилиши режалаштирилган “Ростов Арена” эса хали фойдаланишга топширилганича йўқ.
“Ювентус” билан бўлган дебют
1999 йилги мавсумда Интертото кубогида иштирок этган “Ростов” илк бор ўз омадини евроаренада синаб кўради. Мазкур мусобақа ярим финалида “Ювентус” билан тўқнаш келган донликлар “Юве”га икки ўйинда умумий 1–9 ҳисобида имкониятни бой беради.
Ягона соврин
2014 йил жамоа ўз тарихидаги илк ва ҳозиргача ягона бўлиб турган соврин – Россия кубогини қўлга киритади. Биллур соврин учун кечган финал баҳсида “Краснодар” билан ўйнаган Миодраг Божович бошқарувидаги “Ростов” пенальтилар сериясида ғалаба қозониб(6–5), мамлакат кубогини қўлга киритган эди.
Сенсацион тарзда қўлга киритилган кумуш медуллар
Ўтган мавсумда кутилмаганда Россия чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритган “Ростов” барчани ҳайратлантирган эди. Бу мавсум эса, “сариқ-кўклар” ҳозирча чемпионатда 7-ўринда бораётган бўлса, кубокдаги юриш 1/16 финалдаёқ ниҳоясига етган.
“Локомотив” билан ўхшашлик
Барчамизга яхши маълумки, Тошкентнинг “Локомотив” клуби бош мураббийи – Андрей Микляев саналади. Аммо барча ўйинларда кузатганингиздай, Мирко Еличич майдон четида футболчиларга тинмай кўрсатма бериб туради. “Ростов”да ҳам деярли шунга ўхшаш вазият ҳукмрон. Жамоа бош мураббийи расман Иван Данильянц ҳисобланади ва у фақатгина матбуот билан алоқа қилади холос. Аммо майдон четида Дмитрий Кириченко футболчиларга кўрсатма бериб борса, қолган барча ишларга Қурбон Бердиев жавобгар саналади.
Шаҳзод Холбоев тайёрлади
Фикрлар