“Реал” ҳақида сиз билган ва билмаган 10 та факт

Бугун Мадриднинг “Реал” клуби 115 ёшга тўлди. 1902 йилнинг 6 март санасида ака-ука Паласиослар томонидан “Мадрид” номи остида ташкил этилган жамоага “Реал” номини 1920 йилда қирол Алфонс ХII беради. 115 йил мобайнида клуб тарихида турли даврлар бўлди. Умуман “Реал” 115 йиллик тарихида 110 та совринни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Шу каби бошқа фактлар билан эса қуйида танишасиз.

1. “Реал” 115 йиллик тарихи давомида 3914 та баҳсда майдонг тушган бўлиб, 2305 та ўйинда ғалаба қозонган, яна 757 ўйинда дуранг қайд этган бўлса, қолган 852 ўйинда мағлубият алами таътиб кўрилган. “Қироллик клуби” шу бугунга қадар 8442 та гол киритишнинг уддасидан чиққан бўлиб, 4461 та голни эса ўз дарвозасидан ўтказиб юборган;

2. Клуб тарихидаги энг узун мағлубиятсиз серия эса Зинедин Зидан бошқарувида қайд этилганидан хабарингиз бор. Франциялик мутахассис қўл остида “Реал” кетма-кет 40 та ўйинда мағлубият нималигини билмаган;

3. Энг узун ғалабали серия эса 2014/15 йилги мавсумда қайд этилган. Ўшанда, Карло Анчелотти жамоасига кетма-кет 22 беллашувда тенг келадиган рақиб умуман учрамаган;

4. 392 нафар футболчи “Реал” сафида камида 1 та гол киритишнинг уддасидан чиққан. Клуб тарихидаги энг яхши тўпурар эса Криштиану Роналдудир. Португалиялик форвард “Реал” либосида 392 та гол киритишга муваффақ бўлган;

5. 115 йиллик тарихда 729 футболчи жамоа сафида ҳеч бўлмаганда 1 дақиқа тўп сурган. Клуб тарихида энг кўп ўйинни эса Рауль ўтказган – 741 та. Легионер футболчилар орасида эса Роберто Карлосдир – 527 та;

6.  “Реал” тарихидаги энг йирик ғалаба 1942/43 йилги мавсумда қайд этилган. Ўшанда, Испания кубоги плей-оффида “Барселона” 11–1 ҳисобида мағлуб этилган;

7.  Айни вақтда эса Зидан жамоаси яна бир тарихни ёзмоқда. “Реал” мана кетма-кет 46 ўйиндирки, ҳар бир баҳсда рақиблар дарвозасини ишғол этишни уддалаб келмоқда;

8. “Бланкослар” шу вақтга қадар 237 та рақибга қарши ўйнашган. Бу борада энг кўп ўйин “Барселона”га қарши ўтказилган – 233 та. “Атлетик” билан эса 112 бор ўзари ҳисоб-китоб қилинган;

9. 115 йиллик тарих давомида мадридликларни 46 та мураббий бошқарган. Мураббий сифатида энг кўп ўйинни эса Мигель Муньос ўтказган – 602 та;

10. Клуб тарихида жами 18 та президент фаолият олиб борган. Бу ҳар бир президент жамоани ўртача 6 йил бошқарган деганидир. Флорентино Перес эса клуб тарихидаги энг совриндор президент саналади – 32 та соврин.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!