Собиқ жамоасини “бойитиб” кетганлар

20 ёшли Гонсало Гедешнинг трансферидан “Бенфика” 30 млн евро соф фойда қилди. Биз эса худди Гедеш сингари собиқ жамоасини бунданда “бойитиб” кетган футболчилар билан сизларни таништирамиз.

Ой сарҳисоби. Январь ойининг омадсизлари

“Бенфика” сотган қимматбаҳо футболчилар. Топ-11

12. Эрнан Креспо(Аргентина) – “Парма”ни 51 млн еврога “бойитган”

1996 йил “Ривер Плейт”дан 4 млн еврога сотиб олинган

2000 йил “Лацио”га 55 млн евро эвазига сотиб юборилган

Жанубий Америкадан хали имкониятлари унчалик яхши маълум бўлиб улгурмаган футболчини олиб келиб, унинг Европада ўйнаб кета олишини 50 га 50 деб баҳолаш мумкин. Бироқ Креспо Аргентинадан келиб итальян футболига мослашиб кета олди ва “Парма” сафида тўрт йил тўп суриб, 80 та гол киритишнинг уддасидан чиқди. 2000 йилда эса “Парма” уни рекорд сумма – 55 млн еврога “Лацио”га сотди. Жамоа уни 4 млн еврога ҳарид қилганини инобатга оладиган бўлсак, Креспонинг сотувидан қолган соф фойда 51 млнни ташкил этар экан.

11. Гонсало Игуаин(Аргентина) – “Наполи”ни 51 млн еврога “бойитган”

2013 йил “Реал”дан 39 млн еврога сотиб олинган

2016 йил “Ювентус”га 90 млн евро эвазига сотиб юборилган

Игуаин Неапольдаги 3 йилда Кресподан кўра кўпроқ яъни 91 та тўп киритишга эришди ва ўз-ўзидан унинг трансфери ҳам шунга яраша катта суммани ташкил этди. Умуман “Наполи” Игуаинни “Реал”дан озмунча пулга сотиб олмаган эди. Лекин шунай бўлсада, бу трансфер ҳар томонлама фойдали бўлгани айни ҳақиқат.

10. Кевин Де Брюйне(Бельгия) – “Вольфсбург”ни 52 млн еврога “бойитган”

2014 йил “Челси”дан 22 млн еврога ҳарид қилинган

2015 йил “Манчестер Сити”га 74 млн евро эвазига сотиб юборилган

Моуриньо Де Брюйнени “чиқит”га чиқариб қўйган  эди. Аммо “буюклар ҳам адашади” деганларидек, португалиялик мутахассиснинг хатоси “Вольфсбург”га қўл келди ва жамоада 1,5 йил ўйнаган футболчини 74 млнга “пуллаб” юборди.

9. Жон Стоунз(Англия) – “Эвертон”ни 52,1 млн еврога “бойитган”

2013 йил “Барнсли”дан 3,5 млн еврога сотиб олинган

2016 йил “Манчестер Сити”га 55,6 млн эвазига сотиб юборилган

“Манчестер Сити” ўзининг хотамтойлиги билан ажралиб туради. Ҳар холда ҳимоячи учун ҳамма ҳам 55 млн тўлайвермайди. Англия термаси ҳимоя чизиғининг энг ишончли вакилларидан бири бўлган Стоунзнинг трансферидан унинг олдинги жамоаси 52,1 млн евро соф фойда кўрган.

8. Эдинсон Кавани(Уругвай) – “Наполи”ни 52,5 млн еврога бойитган

2010 йил “Палермо”дан 12 млн еврога ҳарид қилинган

2013 йил “ПСЖ”га 64,5 млн евро эвазига соитб юборилган

“Наполи” президенти – Аурелио Де Лаурентис жамоага қандай ҳужумчилар керак эканлигини яхши билади. Кавани “Сан Пауоло”даги 3 йил давомида рақиблар дарвозасини 103 бор ишғол этишни уддалади. Уругвайлик форварднинг имкониятларини юқори баҳолаган “ПСЖ” эса Кавани учун салкам 65 млн евро сарф этди. “Наполи” эса “матадор”(футболчининг лақаби, муаллиф)нинг трансферидан салкам 53 млн соф фойда кўрди.

7. Луис Суарес(Уругвай) – “Ливерпуль”ни 55,2 млн еврога “бойитган”

2011 йил “Аякс”дан 26,5 млн еврога сотиб олинган

2014 йил “Барселона”га 81,72 млн евро эвазига сотиб юборилган

Рўйҳатимиздаги яна бир уругвайлик футболчи. “Ливерпуль” Фернандо Торресни “Челси”га сотиб, унинг ўрнига 41 млн евро эвазига Энди Керролни таклиф этди. Аммо мазкур трансфер омадсиз чиқди. Ушбу трансфернинг ўрнини эса Суареснинг трансферидан тушган маблағлар қоплаган бўлса, ажаб эмас.

6. Кака(Бразилия) – “Милан”ни 56,75 млн еврога “бойитган”

2003 йил “Сан Паулу”дан 8,25 млн еврога ҳарид қилинган

2009 йил “Реал”га 65 млн евро эвазига сотиб юборилган

2007 йилги “Олтин тўп” эгасининг Мадридга кўчиб ўтишидан фақат “Милан” фойда кўрди дейиш мумкин. Боиси, “россонерилар” Какани анчагина катта маблағ эвазига қўйиб юборишган эди.

5. Луиш Фигу(“Португалия) – 57,5 млн евро

1995 йил 2,5 млн еврога “Спортинг”дан сотиб олинган

2000 йил “Реал”га 60 млн еврога сотиб юборилган

Фигу “Барселона”да ўзидан яхши ном эмас, фақатгина катта маблағ қолдириб кетди дейишимиз мумкин. Сабаби, каталонияликлар Фигуни сотиб олган нарҳдан 24 баробар қимматга пуллашган эди.

4. Зинедин Зидан(Франция) – “Ювентус”ни 70 млн еврога “бойитган”

1996 йил “Бордо”дан 3,5 млн еврога ҳарид қилинган

2001 йил 73,5 млн еврога “Реал”гасотиб юборилган

“Ювентус” Зиданни сотиб олган нарҳидан 21 марта кўп бўлган нарҳга “Реал”га сотиб юборган эди. Мазкур трансфердан ҳар уччала томон ҳам фойда кўрганини та`кидлаш жоиз.

3. Криштиану Роналду(Португалия) – “Манчестер Юнайтед”ни 75 млн еврога “бойитган”

2003 йил “Спортинг”дан 19 млн еврога сотиб олинган

2009 йил 94 млн евро эвазига “Реал”га сотиб юборилган

Фергюсоннинг “топилмалари’дан бири бўлган Роналду “МЮ” учун қўлидан келган барча нарсани амалга оширган. Ўз навбатида “қизил иблислар” унинг трансферидан мўмай даромадга эга бўлишган.

2. Гарет Бейл(Уельс) – “Тоттенхэм”ни 86,3 млн еврога “бойитган”

2007 йил “Саутгемптон”дан 14,7 млн еврога ҳарид қилинган

2013 йил 101 млн евро эвазига “Реал”га сотиб юборилган

18 ёшли Бейлнинг трансферидан “Саутгемптон” ҳам мўмай даромдага эга бўлган бўлсалар, “Тоттенхэм” 24 ёшли Бейлнинг трансферидан озмунча пул олмади. Ха, Даниель Леви нима қилиш кераклигини жуда яхши билади.

1. Поль Погба(Франция) – “Ювентус”ни 105 млн еврога “бойитган”

2012 йил “Манчестер Юнайтед”дан эркин агент жамоага келиб қўшилган

2016 йил “Манчестер Юнайтед”га 105 млн еврога сотиб юборилган

“Ювентус” Фергюсонга керак бўлмаган Погбани ўз сафида 4 йил ўйнатди ва уни “МЮ”нинг ўзига 105 млнга сотди. Ақлбовар қилмас рақамлар. Шундайми?

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!