Баҳодир Сидиқов Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг янги раиси этиб сайланди

Кеча Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, мамлакат енгил атлетика федерацияси мутасаддилари ва Ижроия қўмита аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда дастлаб енгил атлетикачиларимизнинг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига кўраётган тайёргарлиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Шундан сўнг конференция кун тартибидан ўрин олган асосий масала - Ўзбекистон енгил атлетика федерациясига янги раис сайланди. Шу кунгача ушбу лавозимда ишлаб келган ва ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этган Меҳриддин Абдуллаев ўрнига Ижроия қўмита тавсиясига биноан “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Сидиқов Баҳодир Баҳромович номзоди тасдиқланди. Делегатлар номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Баҳодир Сидиқов Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг янги раиси этиб сайланди.

Шу тариқа Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги пайтгача фақатгина 1 нафар ўзбекистонлик енгил атлетикачи Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритган. Шоҳрух Давлатов Франция пойтахтида бўладиган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақада марафон дастурида иштирок этади.

Бахтиёр Тоштемиров.

Comments

You must be logged in to commet!