Шоҳасан Мирзаматов ҳам Андижонда жанг қилади. Рақиб қозоғистонлик...
ММА бўйича профессионаллар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 83.9 кг вазнда ғолибликни қўлга киритган Шоҳасан Мирзаматов ҳам 10 январь куни Андижонда бўлиб ўтадиган жанг кечасида октагонга кўтарилади.
Маълумки, у 6 йиллик танаффусдан сўнг, яна катта спортга қайтганди. Жаҳонгир Қорабоев қўл остида машғулотлар олиб бораётган Мирзаматов Ўзбекистон чемпионатидан ташқари, Қозоғистоннинг NFC промоушенида ҳам жанг ўтказиб, мезбонлар вакили Серик Телекеевга очколар ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Албатта, ушбу мағлубиятга орадаги катта танаффус сабаб бўлганди, десак янглишмаган бўламиз.
Ҳозирда у яхши жисмоний ҳолатини тиклай олган ва у 10 январь куни яна бир қозоғистонлик Жалгас Арманов билан тўқнаш келади. Ўйлаймизки, у ўзининг чиройли ҳаракатлари билан барчани хурсанд қилган ҳолда, ғалабага эришади. Бу борада унга омад ёр бўлишига тилакдошмиз!
Фикрлар