Олмалиқни «ёндирган» Фортес ёхуд Қосимов Секейрани «уйғотиб юборди»!

SPORTS.uz ҳозиргина якунига етган АГМК – «Локомотив» ўртасидаги учрашувни таҳлил қилади.

Мураббийлар дуэли:

Миржалол Қосимов бир қадам олдинда бўлди

йўқ

Учрашув аввалида томонлар деярли бир хил таркиб ва кучга эга эди. Тошкент клубида мавсум бошида 5 футболчи билан шартнома имзолаган бўлса, АГМКда 6 та янги ном қайдномага киритилди. Қосимов ўз услубига содиқ қолган ҳолда ўйин схемасини ўзгартиргани йўқ: 4-2-3-1 ўз кучида қолди. 4 та тўп билан камроқ муомалада бўлиши шарт бўлган ҳимоячи, 2 та таянч ярим ҳимоячиси, қанотларда тезкор ярим ҳимоячилар, ҳужумчи ортидаги плеймейкер ва форвард! Қосимов бир неча йиллардан бери шу схемага содиқ қолмоқда. Бугунги ўйинда ҳам ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, аммо кичик бонусга кўзимиз тушди. Жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушган Санжар Турсунов марказда тўп сурди. Уни қанотда ҳаракат қилишига ўрганиб қолган эдик. Бугунги ўйинда Санжар марказда ҳам ижобий таассурот қолдирди. Шунингдек, Миржалол Қўшоқович танлаган легионер – Элвин Фортес эффектини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Нидерландиялик футболчи бутун ўйин давомида қолганлардан ажралиб туришни уддалади. Тезкор, техникаси кучли, ўйинни ўқий оладиган ижрочи бу мавсум Суперлигани «ёндириши» аниқ. Бугунги баҳсда Тошматов – Фортес тандем қанотда «кончилар»га устунликни таъминлаб берди. Шунингдек, Қосимов бор эътиборини ўйин темпини бошқаришга қаратди. Мутахассис шу йўсинда кучни тўғри тақсимлаб "эконом" режимда ғалаба қозонишни режа қилган эди.

Секейра хато қилди

дукзрдузкдрук

Тошкент клуби мавсум олдидан хорижлик мутахассисни ишга таклиф қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, кўпчилик «темирйўлчилар»ни чемпионлик учун асосий даъвогар, деб ҳисоблай бошлади. Боз устига, таркибга янги ва кучли футболчилар жалб этилди. «Локомотив» ўтган мавсумда бронза медалига эга чиққани учун жамоадан мазмунлироқ тўп суриши тахмин қилинган эди. Амалда ҳаммаси ўзгача кўриниш олди. Португалиялик мутахассис 4-5-1 схемасига мурожаат этди. Асосий урғуни майдон марказига ташлаган мураббий имкон борича тўпни пастда ушлаб туришга кўрсатма берди. Ҳужумни ўз жарима майдончасида бошлашга, тўп назоратини қўлга олишга катта эътибор қаратди.

Ўйин жараёни

клрерлклке

АГМК учрашувни агрессив бошлади. Шу боис, илк дақиқалардаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олишга муваффақ бўлди. Элвин юқоридан узатиб берилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Тезкор голдан сўнг, Қосимов шогирдлари тўлиқ иккинчи рақам билан майдонда тўп суриши керак эди. «Локомотив» биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни тенглаштирди. Санжар Қодирқулов марказдан ташлаб берилган тўпга дарвозабондан аввал етиб келди ва таблодаги натижани 1:1 га айлантирди. Ҳисоб тенглашгач, Миржалол Қосимов қийин аҳволга тушиб қолди. Санжар Қодирқулов билан тўқнашиб кетган Ботирали Эргашев жароҳат олгани учун захирага олинди. Бундан аввалроқ, Сардор Раҳмонов жароҳат олгани учун Владимир Козакка ўз ўрнини бўшатиб берган эди. Шу боис, Миржалол Қўшоқович ўйин боришига таъсир кўрсатиши учун атиги биргина ўзгаришдан фойдаланиши мумкин эди. Секейрада бундай имконият 3 та бўлишига қарамай, мутахассис бундан фойдалана олмади.

Иккинчи бўлимда АГМК ўз ўйин услубини ўзгартирди. Миржалол Қосимов мавсумдаги илк расмий ўйин бўлгани учун шогирдларининг жисмоний имкониятлари аъло даражада эмаслигини яхши билар эди. Шунга қарамай, иккинчи бўлимда АГМК таваккал қилди. Мураббий асосан рақибни ўз жарима майдончаси атрофида кутиб олиш ва қарши ҳужумларга қанот орқали чиқиб кетишга мослашган схемани агрессив прессингга алмаштирди. Майдон марказидаги футболчилар тўп учун курашга анча аввал қўшилишни бошлади. АГМК устунликни ўз томонига оғдирди ва темпни оширди. Оқибатда, Касьян 75-дақиқада иккинчи голни киритди. Голга қадар «Локомотив» устози майдон марказини кучайтириш мақсадида икки ярим ҳимоячини алмаштирди, аммо бундан ҳеч қандай фойда бўлгани йўқ. Секейра ҳужумларга креативлик олиб кираётган Жавоҳир Сидиқовни нима учун захирага олгани тушунарсиз. Португалиялик мутахассис АГМК уюштирган босимни енгиб ўтиш учун янги кучларни майдонга ташлади, аммо “кончилар”нинг босими кучлироқ чиқди.

рдкедрзкедрздкер

Ўйин тугашига 15 дақиқа қолгач, АГМК автоматик равишда ўйин темпини пасайтирди. Ҳужум иккинчи қаватдан узоқ масофага узатмалар билан ташкил этилишни бошлади. Ҳужумкор ярим ҳимоячи – Санжар Турсунов таянч зонасида тер тўкди. Олмалиқликлар тўлиқлигича ўйинни ўлдиришни бошлаб юборди. Бугунги баҳсда номлар, имкониятлар тенг бўлишига қарамай, тажрибалироқ Қосимов Секейрани доғда қолдирди.

Ўйин қаҳрамони

лкплуўлпуклрур

Барча ғалаба тўпини киритган Касьянга эътибор қаратган бўлса ажаб эмас. Ҳужумчи иккинчи қаватдаги курашларнинг деярли 80 фоизида ғалаба қозонди, прессингда фаол иштирок этди. У бу номга ҳақли, аммо Элвин Фортес бугун ёрқинроқ кўринди. Фаолияти давомида Нидерландия, Финляндия, Қозоғистон, Грузия ва бошқа мамлакат клубларида тўп сурган футболчи Ўзбекистон Суперлигасидаги дебютини аъло даражада ўтказди. Ўзи учун ноқулай бўлсада, иккинчи қаватдан узатилган тўпни дарвозага жойлади. Айнан у бугунги баҳснинг энг яхши ўйинчиси бўлишга ҳақли. Шу ўринда яна бир қувончли воқеага эътибор қаратиш лозим. Оғир жароҳатдан фориғ бўлган Жавоҳир Сидиқов яна ўз даражасини кўрсатишни бошлади. Мураббий томонидан эрта захирага олинган ярим ҳимоячи бир нечта рейдлар уюштирди ва аввалги спорт формасига кириб бораётганини кўрсатди. Агар шу темпда давом этса, ҳадемай яна терма жамоадан чақирув олиши ҳеч гап эмас.

Учрашув антиқаҳрамони

aaaaa1111ada

«Локомотив» марказий ҳимоячиларининг иккиси ҳам жуда ёмон ўйин ўтказди. Шунингдек, таянч зонасидаги Кахи Махарадзе ҳам «эътироф»га лойиқ, аммо ўз дебютида омадсизликка учраган Секейрани танлаб олдик. Айнан у бугунги мағлубият учун асосий сабабчи. Майдонда икки тенг кучли жамоалар тўқнаш келган пайтда, мураббий фактори катта саҳнага чиқиши лозим. Тўғри, биргина ўйин билан уни фойдасиз мураббийга чиқариб қўйиш ноўрин. Унга бироз вақт керак. Ички чемпионат ва янги жамоа билан чиқишиб кетиш осон эмас. Ҳозирча, у бизнинг нишонимизда. Умид қиламизки, тез орада у ўзига келади ва «Локомотив»ни янги янги даражага олиб чиқишни бошлайди.

Яҳёхўжа Улуғўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!