Суперлига томон яқинлашаётган про лига! Кузатинг, афсусланмайсиз. Чунки...
Суперлигадан сўнг бугун ниҳоят про лига карвони ҳам йўлга тушади. Ўтган йили ушбу лига сиз-у, бизга қандай интригани тақдим этганини кўпчилик ёдида сақлаб қолган бўлса ажаб эмас. Суперлигадаги муҳитдан қолишмайдиган даражадаги аншлаг кузатилгани муболаға бўлмаса керак. Шунинг учун жорий йилдаги про лига ҳам олдингисидан қолишмайдиган даражада ўтиши тахмин қилиняпти.
Суперлига учун асосий даъвогарлар – “Локомотив”, “Динамо”, “Машъал”, “Қўқон-1912”, “Шўртан”, “Хоразм” каби жамоалар кураш олиб борадилар. Кўриб турибсизки, элитага қайтмоқчи бўлганлар талайгина. Бу эса про лиганинг янги мавсуми янада қайноқ руҳда, томошабинларни ўзига жалб қиладиган даражада ўтишини тахмин қилиш қийин эмас.
15 март санасида про лиганинг илк турига старт берилади ва 16 мартда якун топади. Про лиганинг ҳар бир турида шубҳасиз марказий ўйинларга гувоҳ бўласиз ва бу ҳолатни дастлабки турданоқ кўриш мумкин. Ғузорда “Шўртан” “Қўқон-1912”ни қабул қилади. Ғузор жамоасида ҳам ўзгаришлар кузатилди. Айниқса, бош мураббийликка Алексей Евстафеев таклиф қилинди. Унга ўтган йили “Турон”га бош мураббийлик қилган Анвар Бердиев ёрдамлашмоқда. Таркибда ҳам янги номлар бор. “Қўқон-1912” ўтган йили Суперлигани тарк этганига қарамай, амалдаги бош мураббий Даврон Файзиевга яна ишонч билдирилди. Энди унинг ўзи клубни Суперлигага қайтаришига тўғри келади. Ҳар қайси жамоа учун чемпионатни ғалаба билан бошлаш доим биринчи рақамли вазифа бўлиб келган.
16 март санасида яна бир марказий учрашув Муборакда ўтказилади. Майдон эгаси “Машъал” Самарқанднинг “Динамо”сини қабул қилади. “Динамо” “Қўқон-1912” сингари “мавсум-2022”да омадсизликка учради ва про лигага равона бўлганди. Клуб раҳбарияти бош мураббий Вадим Абрамов билан яна ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. Табиийки, жамоани яна кучлилар орасига қайтариш асосий мақсад қилиб қўйилган. Шу боис Вадим Карленович ўз жойида қолдирилди. “Машъал” эса ҳамма вақт про лига фаворитларидан бўлиб келган. Кўрамиз, улар бу сафар Суперлига чиптасини қўлга кирита олармикин?
Дарвоқе, бугун Самарқанднинг “Юниред” жамоаси “Хоразм”ни қабул қилади. Про лига дебютанти учун бу синов. “Хоразм” ўтган мавсумда етакчиларга жиддий муаммо туғдирганини унутганимиз йўқ. Шунингдек, про лиганинг яна бир дебютанти “Андижон-SGS” учун ушбу чемпионат муҳим. Чунки ўтган йили биринчи лигада қатнашди ва бу йил про лигада дебюти қилиш имтиёзи берилди. Бироқ про лигадаги илк рақиби Суперлигага қайтиш йўлидаги биринчи рақамли даъвогар ҳисобланган “Локомотив” клубидир. “Андижон-SGS”нинг таркиби асосан маҳаллий тарбияланувчилардан ташкил топган. Таркиб ва ном жиҳатдан қарайдиган бўлсак, “Локомотив” нафақат ушбу турнинг, балки мусобақанинг фаворити, бунга шубҳа йўқ.
Яна бир жуфтлик Наманганда “Навбаҳор-фарм” ҳамда “Арал” клублари иштирокида бўлиб ўтади. 2022 йили биринчи лигада ғолиб чиққан Рашид Ғофуров бошчилигидаги “Навбаҳор-фарм” айнан биринчи лигада асосий рақобатчиси ҳисобланган “Арал” билан энди про лигада ҳам рақобатлашади. Кўпчилик “Навбаҳор-фарм”даги ёш иқтидорлар ҳақида илиқ фикрларни билдиришяпти. Про лига шубҳасиз улар учун катта тажриба бўлади.
Про лиганинг янги мавсуми Суперлига савияси томон яна бир қадам ташлаши кутилмоқда. Шундай экан, мазкур мусобақани ҳам кузатиб боринг, афсусланмайсиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар