"Доим футбол ўйнаб юрганлар футболсиз яшаши қийин, кўзлаб қўйган футболчиларимиз бор" - Вадим Абрамов

Про лигада муваффақиятли қатнашиб яна Суперлигага қайтган Самарқанднинг “Динамо” жамоаси аллақачон янги мавсум учун тайёргарлик режаларини ишлаб чиққан.

Жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов Sports.uz сайтига берган интервьюсида бир қатор масалаларга ойдинлик киритди.

- Вадим Карленович, “Динамо”нинг янги мавсумга тайёргарлиги қандай бўлади?

- Албатта, бизни бу борада ўз олдимизга қўйган режаларимиз бор. Октябрь ойида мавсум тугаган. Ноябрь ойида дам олдик. Шу сабабли декабрда йиғинни бошлаймиз. Футболчиларни тезроқ аввалги жисмоний ҳолатига қайтишлари учун декабрдан машғулотларга киришамиз. Доим футбол ўйнаб юрганлар футболсиз яшаши қийин. Футболдан ташқарида юриш оғир бўлади. Шунинг учун ҳам эртароқ тайёргарликни бошлаймиз. 4 декабрда Самарқандда йиғиламиз ва 28 декабрга қадар тайёргарлик жараёнларини олиб борамиз. Жисмоний ва тактик устида ишлаймиз. Янги ўйинчиларнинг фаолиятини ўрганиб чиқамиз. Янги йил байрамидан сўнг Тошкентда икки ҳафталик йиғинга киришамиз. Шунингдек, иккита хориж йиғинини ҳам ўтказиш режамизда бор. Янги мавсумга шундай тарзда тайёрланиб, кириб бормоқчимиз.

- Эшитишимча, “Динамо” БАА ва Туркияда йиғин ўтказар экан, шу тўғрими?

- Ҳа, биз 17-санада хорижга чиқишни режалаштирганмиз. Айнан БААда 20 кун давомида йиғин ўтказмоқчимиз.

аб_5

- Кейин Туркияда кетасизларми ёки фақат БААда шуғулланасизлар холосми?

- Буни вақт кўрсатади. У ерда қандай рақиблар билан ўйнашимизга ҳам кўп нарса боғлиқ. БААда кучли рақиблар бўлади ва улар билан ўртоқлик учрашувларини ўтказиш бизга фақатгина фойда келтиради.

- Қайси футболчилар билан ҳамкорлик тўхтатиляпти ва кимларни таклиф қилмоқдасиз?

- Бир қатор ўйинчиларга таркибимизга қўшилиш имкониятини бермоқчимиз. Шунга қараб кейин бирор-бир хулосага келамиз. Дастлабки йиғинларимизда таркибимиздаги барча йигитларга имконият бермоқчимиз. Ким сафимизда қолиб ўйнашни хоҳласа ҳамда биз қўядиган талабларга жавоб берса, албатта улар клубда қолишлари мумкин. Яна айримларига жавоб берганмиз, улар кетишди. Албатта, сақлаб қолган футболчилар ҳам бор. Япониялик легионерни қўйиб юбордик. Уни шартномаси тугаганди. Қолганлар биз билан. Яна бир қатор ўйлаб турган режаларимиз йўқ эмас. Боиси, ҳали Суперлигада чемпионат тугамади. Кўзлаб қўйган футболчиларимиз бор. Лекин улар Суперлигада ўз клублари сафида тўп суришяпти. Мавсум тугагач, улар билан келишиб олишимиз мумкин бўлади. Лекин уларнинг илтимосига кўра, номларини ҳозирча айта олмайман.

абрамов1_1

- Таркибда неча фоизга ўзгариш бўлади?

- Ўз таркибимизни 70 фоизга сақлаб қоладиганга ўхшаяпмиз. Бизга керакли футболчиларни олиб қоламиз.

- Жамоада яна янги легионерлар пайдо бўладими?

- Албатта, бизда 5+1 лимитику. Жамоамизда 4 та хорижлик футболчилар бор. Яна 2 та бўш жойимиз бор.

абрамов5_1

- Музокаралар олиб бориляптими?

- Ҳа, ҳозирча ҳаммаси яхши кетяпти.

- 5 декабрь куни Суперлига учун плей-оффда “Қўқон-1912” ва “Қизилқум” ўртасида ўйин бўлиб ўтади. Сизнингча, кимда имконият кўпроқ?

- Нима дейишим мумкин? Икки жамоада ҳам имконият 50х50. Бу битта ўйиндан иборат. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Нисбатан қўқонликларга озгина қийинроқ бўлса керак. Чунки улар унчалик кўп ўйнашмаяпти. Про лига тугаганига анча бўлди ва ўртада танаффус бўлиб қолган. Масалан, чемпионат тугаб қанча вақтдан бери ўйнамаётганимизни эсла олмай ҳам қолдим. Жамоани кейинги учрашувгача тайёрлаш, жисмоний ҳолатини сақлаш, анча мушкул иш. Учрашув олдидан бирор фикр айтишим қийинроқ. “Қизилқум” ҳозирда ўйин амалиётига эга жамоа деб ўйлайман.

- “Динамо” сафида бу йил қайси гол чиройли, сизнингча?

- Кубок ярим финалида “Насаф” дарвозасига урилган голни айтган бўлардим. Бу чиройли гол эди.    

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!