
“Барса” жамоа юлдузини сўраган Гвардиолага жавоб қайтарди
“Манчестер Сити” мавсум охирида клуб тарк этадиган Кевин де Брюйне ўрнига янги ижрочи қидирмоқда. “Шаҳарликлар”нинг рўйхатига бир нечта маҳоратли футболчилар номи киритилди.
Улар орасида “Барселона”нинг ноёб иқтидорга эга юлдузи Педри ҳам бор. Хосеп Гвардиола бу ўйинчи бельгиялик плеймейкернинг ўрнини тўлиқ боса олишига ишонмоқда.
Marca нашрининг маълум қилишича, Каталония суперклуби раҳбарияти “шаҳарликлар”нинг қизиқишига жавоб қайтарди ва Педри ҳеч қандай вазиятда ҳам сотилмаслигини уқтирди.
Педри аслида “Лас-Пальмас” тарбияланувчиси ҳисобланади. “Барса” уни 2019 йили 23 миллион еврога трансфер қилган ва бир йил “Лас-Пальмас”да қолдирган.
2020 йили “Барселона” асосий таркибига қабул қилинган Педри бугунги кунда жамоанинг энг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди.
Transfermarkt портали экспертлари 22 ёшли футболчини 120 миллион еврога баҳоламоқда.
Comments