
Дамир Темиров: "Мухлисларимиздан илтимосим бор: "Бобур арена"даги муҳитни "ёндиринглар", ўйин ҳам "ёнади"!
Иккинчи давранинг дастлабки иккита турида "Андижон" жамоасининг иқтидорли ярим ҳимоячиларидан бири Дамир Темиров 3 та гол уришга эришди.
Ўтган турда “Қўқон-1912” дарвозасига иккита гол урагн бўлса, бу сафар меҳмонда “Насаф” дарвозасини ҳам ишғол қилди.
“Бургутлар”нинг ўйини кучайиб бораётгани сари Темиров ҳам ўйинини кучайтирган ҳолда мухлисларни хурсанд қилмоқда.
“Насаф”га қарши баҳсдан кейин футболчи бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Дамир "Андижон" сафарда "Насаф"га қарши ўйинда дуранг натижа қайд этди. Мазкур учрашув қандай таассурот қолдирди?
- Авваламбор, мухлисларимизга катта раҳмат айтаман. Шунча йўл босиб келиб, бизни бутун учрашув давомида қўллаб-қувватлашди. Жуда зўр ўйин бўлди. Ғалаба қозониб кетишимиз ҳам ёки ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди.
- Умуман, натижадан қониқиш ҳосил қилдингизми?
- 50х50 қониқдим. Менимча, амалдаги чемпионга қарши сафардаги дуранг ёмон натижа эмас.
- Кейинги турда водий дербиси Андижонда бўлади. Бўлажак ўйин олдидан нима дея оласиз?
- Мухлисларимизга илтимосим бор: “Бобур арена”га келиб стадиондаги муҳитни ҳар доимгидек “ёндиринглар”, ўйин ҳам “ёнади”!
- Иккинчи даврани жамоа яхши бошлади. Эътиборлиси, сиз иккита ўйинда 3 та гол урдингиз. Буни кутганмидингиз?
- Ҳар доим ниятни катта қилиб, Яратганга таваккал қиламан.
- Иккинчи даврада жамоа анча ўзгаргани билиниб турибди. Сизда ҳам янгича иштиёқ пайдо бўлган, шундай эмасми?
- Худога шукр, ҳаммаси яхши кетмоқда. Худо хоҳласа, шу руҳда давом эттирамиз ва мақсадларимизга эришамиз.
Comments