Эронда Остон Ўруновни Винисиусга қиёслашмоқда
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон терма жамоаси сафида ва “Персеполис” клубида ажойиб ҳаракат қилаётган Остон Ўрунов футбол жамоатчилигининг эътиборини тортмоқда.
Эронлик мураббий Али Мансуриян Ўруновнинг ўйини қайта очилиб, “Персеполис”да ўзининг энг яхши ҳолатига қайтганини таъкидлади.
“Ўрунов каби техник жиҳатдан кучли футболчилар мураббийдан аввало ишонч ва ҳурмат кутишади. Бундай ўйинчиларни чеклаш эмас, балки уларга майдонда эркин ҳаракатланиш имконини бериш керак. Чунки у ўз техникаси орқали рақибнинг икки-уч нафар футболчисини осонгина алдаб ўтади,” — деди мураббий "Shabhaye Footballi" дастурида.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса шундай изоҳ қолдиришган:
“Европа футболидан мисол келтирадиган бўлсак, Винисиус Жуниорнинг Карло Анчелотти давридаги ўйини билан ҳозирги Хаби Алонсо давридаги ўйинлари ўртасида сезиларли фарқ бор. Анчелотти уни ҳурмат қилган ва майдонда кенг эркинлик берган. Шунинг учун ўша пайтда майдоннинг деярли ҳар бир нуқтасида Винисиусни кўриш мумкин эди.”
Маълумот учун, ўзбекистонлик вингер сўнгги турда теҳронликлар сафида навбатдаги голини уриб, жамоасининг “Шамс Азар” устидан ғалаба қозонишини таъминлади.



Comments