
"Локомотив" Колосовский ва яна бошқа мураббийлар билан ҳамкорликни тўхтатди
Про лиганинг 10-турида Нукусда "Арал"га 2:0 ҳисобида малубиятга учраган "Локомотив" клубида мураббийлар ўзгарди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати расмий хабар берди:
"Про лига иккинчи давра баҳслари ўз ниҳоясига етди. "Локомотив" ПФК раҳбарияти дастлабки икки давра бўйича асосий жамоамиз иштирокини таҳлил қилган ҳолда мураббийлар штаби билан ўзаро ҳамкорликни тугатишга қарор қилди.
Про лига доирасида 10 та ўйинда майдонга тушган жамоамиз 6 бор ғалаба қозониб, иккитадан учрашувда мағлубият ва дуранг қайд этди. Тошкентда "Олимпик Мобиуз", Нукусда "Арал"га бой берилган ўйинлар ҳамда "ФарДУ" ва "Жайхун" клублари билан дуранг клубимиз раҳбарияти томонидан қониқарсиз натижа деб баҳоланди.
Шунингдек Ўзбекистон Кубогида гуруҳдан чиқа олмаганимиз ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, бош мураббий Григорий Колосовский, ёрдамчи мураббий Денис Тойменцов ҳамда дарвозабонлар мураббийи Павел Синельников билан шартнома бекор қилинди.
Мураббийлар штабига ўзаро ҳамкорлик учун миннаторчилик билдириб, уларнинг келгуси фаолиятига омад тилаймиз", - дейилади хабарда.
"Локомотив"ни энди ким бошқариши тез орада маълум бўлади.
Comments