“Манчестер Юнайтед”ни бошқаришга беш номзод

Нидерландиялик мутахассис Эрик тен Хаг “Манчестер Юнайтед”ни енгилмас жамоага айлантира олмади. Жамоа ғалаба қозонган ўйинларда ҳам раҳбарият ва мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш қила олмаяпти.

Клуб хўжайинлари бошқа бош мураббий олиб келиши мумкин. Маълумотларга қараганда, рўйхатда беш нафар мутахассис бор.

Рубен Аморим – бу мутахассис  2021 йили “Спортинг”ни чемпион қилди. Мухлислар бу натижани 19 йил кутганди.  38 ёшли мураббий тактик схема танлашга уста ҳисобланади.

Хулен Лопетеги – испаниялик мутахассис ўтган мавсумда “Вулверхэмптон”ни бошқарганди. Раҳбарияти уни трансферлар билан қўллаб-қувватламагани учун мавсум бошланишидан олдин жамоани тарк этди. 57 ёшли мураббий жиддий клубда ишламоқчи.

Майкл Каррик – “Манчестер Юнайтед”ни ундан яхши биладиган мутахассис бўлмаса керак. Футболчи сифатида у жамоада ўн йилдан ортиқ тўп тепган Майкл бустани михга илгач, Жозе Моуриньо ва Уле-Гуннар Сульшер мураббийлар штабида ишлади. 42 ёшли мураббий “Мидлсбро”ни бошқаряпти.

Диего Симеоне – 12 йилдан бери “Атлетико”ни бошқариб келяпти. Агентиналик мутахассис мадридликлар билан икки марта Испания чемпиони бўлди, икки бор Европа Лигаси ва мамлакат кубогида зафар қучди.

53 ёшли мутахассис ҳимоядаги ўйинни мустаҳкам қуриши билан машҳур. Диего Симеоне жамоалари кам гол ўтказади.

Зинедин Зидан – бунгача фақат “Реал”да ишлаган. Қисқа фурсатда улкан ғалабаларни қўлга киритган. Лекин 2021 йили Мадридни тарк этганидан бери ишсиз юрибди. Зидан Франция терма жамоасини бошқаришни орзу қилади. Лекин ҳозирги бош мураббий Дидье Дешам қайд этаётган натижалар бунга имкон бермаяпти.

51 ёшли Зиданга “Ювентус”, “Марсель” ва ПСЖ каби клублар ҳам қизиқмоқда.

Comments

You must be logged in to commet!