
"Машъал" устози: "Хоҳлаймизми-йўқми, футболчиларда чарчоқ бор эди"
Суперлиганинг 20-турида “Нефтчи” Фарғонада “Машъал”ни 3:0 ҳисобида таслим қилди. Ўйиндан кейин “Машъал” устози Отабек Нарзуллаев матбуот анжуманида қатнашди.
- Ўйинни яхши бошладик. Хатоларимиз бизга қимматга тушди. Баҳона бўлмайдию, аммо йўл азобидан озгина қийналдик. Йўлда йигитлар тиклана олмади. Бу учрашув биз учун қийин бўлди.
- “Машъал” олдинги турда ўз уйида “Андижон”ни мағлуб этганди. Бу ўйинда жамоангизга нима етишмади?
- Чарчоқни эвазига мағлуб бўлдик, деб ўйлайман. Чунки “Андижон” билан ўйинда катта куч йўқотгандик. Яна йўл, Тошкентгача, Тошкентдан Фарғонагача. Хоҳлаймизми-йўқми, футболчиларда чарчоқ бор эди. Бошида 15-20 дақиқача яхши ўйнадик. Кейин хатолар эвазига голлар ўтказиб юбордик. Чарчоқни эвазига мувозанатни йўқотдик.
- Мағлубиятда дарвозабонни неча фоиз айби бор, деб ўйлайсиз?
- Бу ўйин. Дарвозабонимиз балки хато қилгандир, балки хато қилмагандир. Ўйинни кўриб таҳлил қилиб чиқамиз. Хато ҳаммамизники. Мураббий, футболчилар - клубда кимлар ишлаётган бўлса, хато барчамизники. Яна ишлашда давом этамиз. Кейинги учрашувларда хатоларни яхшилашга ҳаракат қиламиз.
- Ўринбосарлар учрашувини ҳам ўзингиз томоша қиласизми?
- Ўринбосарлар ўйинини кўрамиз. Қачонки, бизда ўйинлар яқин бўлмаса бориб кўрамиз. Кўпроқ ёшларни ўйнатишни хоҳлаймиз. Кейинги сафар “Пахтакор”га қарши Кубок доирасида ўйинимиз бор. Унда 2-3 та ёшларни кўрмоқчимиз. “Нефтчи” билан ўйинда ҳам ёш футболчимиз - Фарруҳ Тошпўлатовни 10 дақиқага майдонга туширдик. Дебют ўйинида “Нефтчи”дек жамоага қарши ёмон таассурот қолдирмади. U19, ўринбосарлар таркибимизда иқтидорли болалар кўп. Уларга аста-секин имконият беришимиз керак. Асосий таркибда футболчиларимиз кўплиги учун ёшларга қаердадир имконият бера олмаяпмиз. Асосий таркибимизни ярмини U21 таркиби билан тўлдирмоқчимиз.
Comments